Тошкент шаҳрида шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

20:02 11 Март 2026 Жамият
360 0

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши пойтахтнинг дизайн-кодини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. «Тошкент Инвест Компанияси» буюртмасига кўра SM International компанияси томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжатда шаҳар ҳокимлигининг таклифлари ҳам тўлиқ инобатга олинган. Мазкур қарор жамоат жойларини режалаштириш, шаҳар дизайни элементларини жойлаштириш, тижорат объектларини безаш ҳамда шаҳарнинг визуал идентификациясига оид муҳим қоидаларни белгилаб беради. Шунингдек, ҳужжатдан дизайн элементлари каталоглари, туристик ва гастрономик кўчалар рўйхати ҳамда ободонлаштириш ва санитария тозалиги учун эксплуатация йиғими миқдорлари ҳам ўрин олган.

Янги тартибга кўра, пойтахтдаги туман ҳокимликлари икки ой муддат ичида бош архитекторлар назорати остида жамоат жойлари чегаралари схемаларини ишлаб чиқиши лозим. Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши эса мавсумий савдо, хизмат кўрсатиш объектлари ва қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаштиришда дизайн-код талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўллар, пиёдалар йўлакчалари ва бошқа инфратузилма элементларини қуриш ёки реконструкция қилишда ушбу қоидаларга амал қилинишини таъминлайди. Тўрт ой ичида эса шаҳарда манзил кўрсаткичлари ва навигация элементларини тасдиқланган стандартлар асосида янгилаш дастури ишлаб чиқилади.

Эътиборли жиҳати, дизайн-код талаблари капитал қурилишга оид шаҳарсозлик нормаларига интеграция қилинади ва бино ташқи кўринишини ўзгартириш, енгил конструкциялар ўрнатиш, кўкаламзорлаштириш ҳамда реклама элементларини жойлаштиришда барча ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади. Кенгаш қарори расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради, бу эса пойтахтнинг ташқи қиёфасини тизимли равишда ягона стандартга келтириш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер