«Тошкент» аэропортининг махсус техника парки янги машиналар билан тўлдирилди
«Uzbekistan Airports» авиакомпанияси 35 тоннагача юк кўтариш қувватига эга, самолёт бортига ва ундан юк ортиш/тушириш учун Германияда ишлаб чиқарилган иккита янги контейнер юклагич харид қилди.
Ушбу техниканинг юкларни кўтариш максимал баландлиги 5,6 метрни ташкил этади, бу эса ҳар қандай самолётга, барча турдаги контейнерлар ва паллетларни юклаш имконини беради. Бундан ташқари, янги машиналар орқа платформадаги паллетлар ва контейнерларни автоматик равишда айлантириш имкониятига эга, бу эса ўз навбатида ҳаво бандаргоҳининг иш унумдорлигини оширади.
«Замонавий аэропортнинг узлуксиз ишлаши бевосита юк оқимларини бошқариш қобилиятига боғлиқ. Янги контейнер ташувчиларнинг унумдорлиги шу каби ерда хизмат кўрсатиш машиналарига қараганда 40% юқори. Янги махсус жиҳозлардан фойдаланиш ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш вақтини қисқартиради ва ҳаво бандаргоҳи самарадорлигини оширади», — дейилади «Uzbekistan Airports» махсус транспорт хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 2022-2023 йилларда «Uzbekistan Airports» томонидан Тошкент аэропортининг эксплуатацион фаолиятини яхшилаш мақсадида аэродром мажмуасида универсал тозалаш машиналари, ҳаво кемаларини муздан тозалаш мосламалари, ҳаво кемалари буксирлари, юк ташувчи техника ва бошқалар харид қилинган эди. 2023-2024 йилларга мўлжалланган режаларда аэропортларни янги турдаги махсус транспорт воситалари ва ҳаво кемаларига ер устида хизмат кўрсатиш воситалари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг