Тўра Боболов Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашди

19:54 24 Декабрь 2020 Жамият
1095 0

Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига янада кенгроқ жалб этиш мақсадида Олий Мажлиснинг ҳар иккала палатаси ҳузурида Ёшлар парламентлари ташкил этилганди. Юртимизда турли соҳаларда фаолият юритаётган 11 мингдан зиёд ёшлар орасидан 250 нафар Ёшлар парламенти аъзо сайланган.

Сурхондарёлик ёшлар парламенти аъзолари билан Термиз туманидаги «Марварид» санаторийсида ўтказилган учрашувда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини тўлақонли ҳимоялаш, уларнинг таълим олиши, интеллектуал салоҳиятларини ошириш, иқтидор ва қобилиятларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бинобарин, ёшларга оид давлат сиёсати ижросини таъминлашга бевосита дахлдор 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Айниқса, Ёшлар парламенти фаолияти юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини оширувчи ва қонун ижодкорлиги юзасидан кўникмаларини бойитувчи платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Учрашувда Ёшлар парламенти аъзолари тенгдошлари эришаётган ютуқ ва натижалар, кундалик ҳаётдаги айрим муаммолар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Жумладан, маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги васийлик ва ҳокимийлик, вояга етмаганлар ишлари комиссиялари фаолиятини янада яхшилаш, ёш тадбиркорларга яқиндан кўмак бериш, маҳаллий кенгашлар сессияларида Ёшлар парламенти аъзолари иштирокини таъминлаш каби масалалар шулар жумласидандир.

— Ёш йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш бизнинг доимий эътибор марказимизда бўлади, — деди учрашувда вилоят ҳокими Тўра Боболов. — Якунланаётган йилда шаҳар ва туманлар, ҳатто энг чекка қишлоқларда бўлиб, шахсан ўзим кўп маротаба ёшлар вакиллари билан учрашувлар ўтказдим. Уларнинг мақсад-интилишлари, ўй-ниятлари ва табиийки, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўргандик. Ёшлар иштирокидаги лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга яқиндан кўмак бердик. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатимиз бундан кейин ҳам мунтазамлик касб этади, биз, мутасаддилар мудом ёшлар орасида бўламиз.

Учрашув якунида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда кўрсатаётган ташаббускорлиги, воҳада ёшларга юксак эътибор қаратаётгани ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари фаолиятини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётгани учун Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболовга Ёшлар парламенти раиси Ж.Бобоевнинг ташаккурномаси топширилди.

Илҳом Раҳматов,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер