Тўқсонбости усулида сабзавот етиштириш кўпайтирилади
Халқимизда «Тўқсонда суғорсанг, тўқсон ботмон ҳосил оласан», деган пурмаъно мақол бор. Бу нақл бежиз айтилмаган, албатта. Негаки, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбости деб айтилади. Бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.
Мутахассислар эса саримсоқпиёзни сентябрнинг учинчи ўн кунлигидан октябрь ойининг бошига қадар экиб тугатишни тавсия этишади. Бу муддатдан кечиктириб экилган экин илдиз олишга улгурмайди ва қишки паст ҳароратга бардош беролмайди.
Ўсимликни кузда экишнинг яна бир сабаби шундаки, шу вақтда экилган саримсоқпиёз кўкламда экилганига нисбатан кўпроқ ҳосил беради. Энг муҳими, деҳқончиликнинг тўқсонбости усули яхшигина даромад манбаи бўлиш билан бирга, аҳолининг эртаки сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш имконини ҳам беради.
Куни кеча Президентимиз томонидан имзоланган «Саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтиришга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Унга мувофиқ Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
Уюшма фаолияти экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш экспортбоп, жумладан, саримсоқпиёз етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтиришни ташкил этишга йўналтирилган. Унинг фаолияти орқали аҳолининг моддий манфаатдорлигини ошириш мўлжалланмоқда.
Қарорда белгилаб қўйилганидек, Уюшма маҳсулот етиштирувчиларга агрономик тавсиялар бериш, ҳосилларни энг мақбул давлатларга қулай вақтларда экспорт қилишда кўмаклашиш, маҳсулот етиштирувчилар малакасини ошириш билан шуғулланади. Қолаверса, ташқи ва ички бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳар йили 1 июнга қадар август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таклифлар киритиб боради.
Аҳамиятли томони шундаки, ушбу ҳужжат билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг 2021-2022 йиллар ҳосили учун август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини турлари бўйича етиштириш ҳажми тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади. Уларни етиштириш «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Президентимиз қарорида ўз ифодасини топган яна бир муҳим янгилик –Уюшма Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини кластер ва кооперация усулида етиштириш бўйича халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган аниқ лойиҳаларни тижорат банкларига тақдим этади.
Саримсоқпиёз етиштириш лойиҳасини амалга ошириш учун 7 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратилади. Улар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга Булоқбоши тумани ҳокимлиги ва Уюшма кафиллиги асосида тенг улушларда ссуда сифатида ажратилади.
Хулоса қилиб айтганда, экин майдонлари ва аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўпайтириш энг устувор вазифа саналади. Мазкур қарорнинг ижроси шубҳасиз, камбағалликни қисқартириш ва аҳолининг моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.
Одинахон ОТАХОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
OʼzLiDeP фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг