Томорқани хазинага айлантирган 90 хонадон
Фото: Халқ сўзи
Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги «Миришкор» МФЙда «Ёшлик» номи билан аталувчи кўча бор. Бу ерга аҳоли 1990 йилларда қаровсиз ерларни ўзлаштириб, кўчиб чиққан. «Ёшлик» маҳалланинг қолган қисмидан бироз узоқда ва алоҳида ҳудудда жойлашган.
Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда «Ёшлик» кўчаси аҳли ўзларининг деҳқончилик ва чорвачиликда эришаётган ютуқлари, биргина томорқадан миллионлаб даромад топаётгани билан тез-тез тилга тушмоқда.
Масалан, 72 ёшли оқсоқол Тўрақул Нусратов фаолияти билан танишаркансиз, ишлаган, меҳнат қилган киши учун бир парча ер ҳам катта хазина эканига амин бўласиз.
— Оила аъзоларим билан бирга 10 сотих томорқада деҳқончилик қиламиз, — дейди Тўрақул ота. — Асосан тўқсонбости усулда саримсоқпиёз етиштирамиз. Бу биз учун айни муддао. Чунки одатий экинлар мавсумига қадар ер бўш турмайди. Экин кузда ниш уриб, кўкариб олгач, қиш бўйи ер тагида илдиз отиб, куч тўплайди. Баҳор келиб, кунлар исиши билан гуркираб ривожланади. Май ойининг ўрталарига бориб ҳосилни йиғиб оламиз. Ўтган йили бир тоннадан ошиқ ҳосил олгандим. Бу йил янада кўпроғини мўлжаллаб турибмиз.
Тўрақул бобо саримсоқпиёз ҳосили йиғиб олингач, дарҳол ўрнига ширин маккажўхори экишини айтади. Чунки оддий жўхорига қараганда ширин маккажўхорининг харидори кўп, нархи баланд.

— Ўтган йили 600 килограмм ширин маккажўхори ҳосили олиб, килосини оддий маккажўхорига қараганда қарийб беш баробар қимматга сотдик, — дейди у. — Пояси эса чорва учун фойдали озуқа. Бундан ташқари чорвачилик, паррандачилик билан ҳам шуғулланамиз. 20 дан ошиқ қорамол, юздан ортиқ товуғимиз бор. Ҳар куни ички бозорга шунга яраша сут, тухум, гўшт, сариёғ олиб чиқамиз. Фақат шуларнинг ўзидан рўзғорга ойига йигирма миллион сўм атрофида даромад кириб келади.
— Тўрақул бобо Нусратов сингари фаолларимизнинг томорқачиликда эришаётган ютуқлар кўпчилик учун ибрат бўлмоқда, — дейди «Миришкор» МФЙ раиси Ҳилола Аҳмедова. — Масалан, «Ёшлик» кўчасида 90 та хонадон бор. Барча хонадон аъзолари худди Тўрақул бобо сингари саримсоқпиёз ва ширин маккажўхорини алмашлаб экишади. Рўзғор учун бошқа мева-сабзавот маҳсулотларини ҳам ўзлари етиштиради. Томорқанинг ортидан яхши даромадга эга. Шу боис бу кўчада кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар йўқ.
Дарҳақиқат, биринчи гуруҳ ногирони Фарҳод Ҳамроевнинг томорқаси ҳам эътиборимизни тортди. Беш сотих майдонда барқ уриб ривожланаётган саримсоқпиёзлар эртага яхшигина даромад нақдлигини англатиб турибди.

— Кўзларим кўрмасада, томорқада ишлашни ўрганганман, — дейди у. — Оилам, фарзандларим менга доим кўмакчи. Экиндан ташқари қорамол, қўй, товуқ боқамиз. Асосий озиқ-овқатларнинг барчаси томорқадан чиқади. Ўзимиздан ортганини бозорга сотамиз. Хуллас, меҳнатимиз ортидан рўзғоримиз бут, ҳаётимиз фаровон.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг