Томорқалардан мақсадли фойдаланиш – ҳам вазифа, ҳам бурчимиздир

21:59 16 Апрель 2020 Жамият
928 0

Бугунги кунда коронавирус пандемияси тобора авж олиши оқибатида ривожланган давлатлар ҳам ўз аҳолисини эртанги кунда озиқ-овқат билан таъминлаш муаммоларига дуч келётганининг гувоҳи бўляпмиз. Давлатимиз томонидан аҳолига томорқалар ажратилиши амалиёти тўғрилигининг исботи ва далили бўлиб, Жаҳон банки ўз ҳисоботида Европа ва Марказий Осиё давлатларида иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлайдиган манба қишлоқ хўжалиги эканлигини эълон қилиб, бу борада Ўзбекистонда имкониятлар катталигига алоҳида эътибор қаратганидир.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда барча мамлакатларни қамраб бораётган иқтисодий инқироз ва бошланаётган халқ истеъмоли маҳсулотларининг танқислигининг олдини олиш бўйича давлатимиз ва ҳукуматимизда аниқ стратегия ва режалар бор. Албатта, аҳоли турмуши барқарорлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Олий Мажлис сенатор ва депутатлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз вазифа ва бурчларини сидқидилдан бажариш йўли билан ҳиссаларини қўшади.

Давлатимиз раҳбари раислигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга бағишланган видеоселектор йиғилишларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган комплекс ва тизимли чоралар муҳокама қилинди.

Биринчидан, пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, озиқа ишлаб чиқарадиган корхоналар, қорамол, парранда боқиш бўйича оилавий кооперацияларни кўпайтириш, балиқ етиштириш, асаларичилик, ипакчилик соҳасида ишларни самарали ташкил этиш каби ишларни йўлга қўйиб, аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш вазифалари белгиланди.

Иккинчидан, пахтачилик ва ғаллачилик тизимини ривожлантириш учун зарур қулайлик яратилмоқда. Жумладан, пандемия таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармонларга мувофиқ, кредитларни қайтариш муддати узайтирилди, солиқ бўйича қатор енгилликлар жорий қилинди.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш мақсадида янги боғ ва токзорлар орасига картошка, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, кўкат, нўхат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири ва полиз экинлари экиш бўйича кўрсатма берилди.

Юқоридаги вазифалар юзасидан масъуллар белгиланди, мутасаддиларга мева-сабзавотлар экспорти бўйича туманлар ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб қилиб, пандемия шароитида юзага келадиган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиб бориш бўйича топшириқлар берилди.

Учинчидан, фуқароларимиз давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга ҳамнафас бўлиб, бор куч-ғайрати билан ўз томорқаларида фаол ишлаш орқали уларда маҳсулот етказишни йўлга қўйиши лозим.

Бу масалага Президентимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи сифатида алоҳида эътибор қаратар экан, томорқачиликни ривожлантириш борасида давлат томонидан мантиқий кетма-кетликда чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Сўнгги йилларда аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган янги тизим яратилди. Шу муносабат билан аҳолини ҳалқ истеъмоли моллари билан таъминлаш масаласини бутунлай давлат идоралари елкасига ташлаб, томошабин бўлиб қолмасдан, томорқалардан мақсадли фойдаланиш барча хонадон эгаларининг ҳам вазифаси, ҳам бурчидир.

Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Суд-ҳуқуқ масалалари ва
коррупцияга қарши курашиш
қўмитаси раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер