Тоғдаги кўпкари

12:26 18 Март 2025 Жамият
493 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Яқин ўтмишда от спорти, хусусан, кўпкари мамлакатимизда анча сусайиб қолганди. Тўй-ҳашамлар, байрам сайлларида от билан боғлиқ мусобақалар камайиб, бу зотдор улоқчи қорабайирларнинг камайишига олиб келди. Аммо сўнгги йилларда от спортини ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, чавандозлар мактабларини ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар бошлангани натижасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда.

Бойсун туманидаги Наврўз сайллари миллий халқ ўйинлари, кураш, айниқса, кўпкарисиз ўтмайди. Бу йилги байрам кўпкарисини ҳам номдор чавандозлар қизитиб берди. Майдонда нафақат воҳа полвонлари, балки қўшни вилоятлардан келган чавандозлар ҳам улоқ тортишди. Совринларга бой ўтган кўпкарида чопағонлар от, туя, ҳўкиз, қўй-эчки, пул мукофотлари тақдим қилишди. Кўпкарида икки бор солим айирган бойсунлик Бўрон полвон томошабинларнинг алоҳида олқишига сазовор бўлди.

Бойсуннинг Хўжабулғон маҳалласидан Нурали полвон Авазов воҳанинг мақтанишга арзийдиган чавандози эди. Унинг исми нафақат Бойсун тоғлари, балки қўшни республикаларнинг кенг далаларига ҳам тарқалган. Нурали полвоннинг от устидаги маҳорати афсонавий бўлиб, қўллари отнинг жиловини мустаҳкам тутиб кўзлари йўлнинг ҳар бир бурчагини кузатарди. У минган отлар ҳам чидамли, ўз эгасининг иродасини англаб, унинг ҳар бир ҳаракатини бажарарди. Номи ғалабалар билан боғланган Нурали полвон Авазов кўпкарининг афсонавий юлдузи бўлиб қолади.

Бўрон чавандоз Нурали Авазовнинг ўғли, отасининг муносиб издоши. Унинг от устидаги ҳар бир ҳаракати, ҳайқириши-ю маҳорати, мардлиги ва жасорати отасини — Нурали чабоғонни эслатади.

— Кўпкари бу фақатгина эпчиллик, мардлик ва жасурликка ўргатувчи спорт тури эмас, балки ўзбек халқининг ғурури ва орини кўрсатиб берувчи анъанавий ўйиндир, — дейди Бўрон Авазов. — Оилада тўрт ўғилмиз. Ака-укаларим билан болалигимиз от устида ўтди. Отам билан кўпкариларга борардик. Уйда алоҳида машғулотлар ўтказардик. Ҳар гал отам кўпкари мардлар ўйини, ор учун майдонга тушиш кераклигини уқтирарди. Агар кўпкарида ғирром аралашса, чавандоз минган от ҳам ранжишини айтарди. Бугун сулоламиз анъаналарини давом эттираётганимдан фахрланаман. Ўсиб келаётган ёш авлодга ҳам бу қадриятимизни оммалаштиришда ўз ҳиссамни қўшаман.

Ота-боболаримиздан қолган гап бор — хонадонда битта от бўлиши керак. Агар от бўлмаса, отга атаб уйнинг олдига битта тақа ёки якка қозиқ қоқиш ёки нўхта қилиб, уни кўзга ташланадиган жойга илиб қўйиш керак. Чунки бу буюмлар ҳамиша отни сўраб тураркан. От эса инсоннинг дўсти, мардлар майдонидаги йўлдошидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер