Тиббиёт ходимида коронавирус аниқлангани учун Янгийўлдаги поликлиниканинг 198 нафар ходими карантинга олинган
Бу ҳақда бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
— Биз Санитария ва эпидемиологик осойишталик агентлигининг Тошкент вилояти бўлими бош шифокоридан расмий жавоб олдик, - деди у. — Унга кўра, ҳақиқатан 22 апрел куни Янгийўл туман кўп тармоқли марказий поликлиникасидаги ўрта тиббий ходимда COVID-19 га тест текширувида мусбат натижа тасдиқланган.
Тартиб-қоидаларга кўра, поликлиниканинг 198 нафар ходими ва улар билан алоқада бўлганлар Ўрта Чирчиқдаги карантин шаҳарчасига кузатиш учун жойлаштирилди.
Янгийўл шаҳри марказининг ёпилгани, поликлиника шифокор ва беморлари билан бирга ёпилгани, коронавирус аниқланган шифокорларни эски сана билан меҳнат таътилига расмийлаштиришгани ҳақида аҳоли орасида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг