Тест синовларида бир мактабнинг 16 нафар битирувчиси максимал балл тўплади
Маълумотларга кўра, жорий йилги давлат тест синовларида энг юқори — 189 балл тўплашга муваффақ бўлган 826 нафар абитуриентнинг 71 нафари Навоий вилоятининг йигит-қизлари ҳисобланади. Бу умумий кўрсаткичга нисбатан атиги 8,5 фоизнигина ташкил этсада ўтган йилга нисбатан 77,5 фоизга кўп демакдир. Айни чоғда вилоят бўйича давлат тест синовларида иштирок этган абитуриентлар сонига нисбатан олинса, анчагина салмоқли эканлиги ойдинлашади.
— Давлат тест синовларида максимал балл йиғишда жорий йилда ҳам Навоий шаҳридаги умумтаълим мактаблари пешқадамлигини сақлаб қолишди, — дейди Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Нурали Ҳошимов. — Унда энг юқори натижага эришган 71 нафар ўқувчининг 34 нафари айнан Навоий шаҳридаги умумтаълим мактабларида таълим олишган. Қарийб ярми, яъни 16 нафари эса шаҳардаги 11-мактабнинг битирувчиларидир.
Талабаликни муддатидан аввал ҳал қилганларнинг 29 нафари иқтисодиёт, 23 нафари тиббиёт, 7 нафари ҳуқуқшунослик йўналишларини танлашган (қолган 12 нафари техника ва педагогика соҳалари). Қизлар ва йигитлар ўртасидаги баҳс эса 44:27 кўринишида қизлар фойдасига. Бу борада улар қатор йиллардан буён пешқадамликни сақлаб қолишмоқда.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг