Термиз туманида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида эҳтиёжманд оилаларга ер майдонлари ажратилди
Термиз тумани Сабзипоя маҳалласида «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳолини даромадли меҳнатга жалб этишга қаратилган навбатдаги амалий лойиҳага старт берилди. Дастур доирасида ўрмон хўжалиги ер фондидан 10 гектар майдон ажратилиб, 20 нафар эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 50 сотихдан ер майдони бириктирилди. Ушбу ерларда жами 30 минг туп тут кўчати экилиши режалаштирилган.
— Аввалига тут кўчатини экиб, унинг даромадини қанча вақт кутиш керак, деган ўй кўнглимдан ўтди, — дейди лойиҳа иштирокчиси Дилрабо Жумаева. — Аммо лойиҳа доирасида тут қатор ораларида ерёнғоқ, полиз экинлари, пиёз, сабзи ва картошка каби юқори даромадли маҳсулотлар етиштириш, бунинг учун субсидиялар ажратиш, шунингдек, тажрибали деҳқонлар орқали амалий кўникмалар бериш ҳам кўзда тутилганини билиб, бу ташаббуснинг нақадар самарали эканига ишонч ҳосил қилдик. Бу эса ҳар бир оила учун йилига ўртача 50–60 миллион сўмгача қўшимча даромад манбаи дегани.
Лойиҳага старт бериш тадбирида Улуғбек Қосимов ҳамда Эркин Муҳитдинов иштирок этди. Улар ердан оқилона фойдаланиш, кўчатларни тўғри парваришлаш ва маҳсулотни барқарор даромад манбаига айлантириш юзасидан иштирокчиларга амалий тавсиялар бердилар.
— Бу майдонлар шунчаки тутзор эмас, балки аҳоли учун доимий даромад манбаи бўлиши керак. Агар ердан унумли ва мақсадли фойдаланилса, ҳатто кичик майдон ҳам катта ижтимоий самара бериши мумкин, — деди вилоят раҳбари.
Тадбир якунида илк кўчат экилиб, лойиҳа расман бошланди.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг