“Темур: сўнгги ҳукмдорнинг қуёши” — кўришга, кўрсатишга арзийдиган, сарфланган ресурсларни оқлайдиган кино
Кино санъатига ўзгача меҳр уйғотган устозимиз Ҳамидулла Акбаров курс якунида “Энди сизлар ҳар қандай киноасарни оддий томошабиндек маза қилиб кўра олмайсизлар”, дегандилар.
Чиндан ҳам, шундай. Баъзида муваффақиятли чиққан картиналардан ҳам роҳат ололмайсан, киши. Асар ўзига тортиб кетолмайди, ишонтиролмайди, табиийки, ҳайратга ҳам солмайди. Лекин “Амир Темур” фильмидан инжиқ томошабин ўлароқ “қорним тўйди”. Залдаги айрим томошабинлар шовқин-сурони, телефон чироқлари, ёш болалар йиғиси — буларнинг ҳеч қайсиси эътиборимни чалғита олмади. Картинани мижжа қоқмай томоша қилдим.
Дастлабки хулосам шуки, фильм сифатли суратга олинган. Томошабинни жаҳонгир бобомиз ҳаётига, у яшаган давр муҳитига олиб кира олади. Ваҳоланки, ҳозирги замонавий техника асри, сунъий интеллект даврида одамларни эътиборини тарихий асарга жалб этиш осон эмас, албатта.
Актёрлар жамоаси тўғри танлангани, саҳналар локациялари яхши топилгани, мусиқа зўр басталангани, ижро табиий чиққани — фильм режиссёри Джейкоб Шварцнинг энг катта ютуғи, дейиш мумкин. Айниқса, жанг саҳналари учун алоҳида респект. Лой жанги юксак маҳорат билан саҳналаштирилган. Тўғри, айрим кадрлар, баъзи саҳналар бошқа тарихий фильмларни эсга солиб юборади. Аммо бу мураккаб саҳнада режиссёрнинг ўз имзосини бошидан охиригача сезилиб туради. Буюк саркарданинг жанг санъати, қиличбозликдаги маҳорати бўй-басти билан кўрсатилган.
Айни шу саҳнада операторнинг иши, истеъдоди ҳам кўзга яққол ташланади. Чунки жанг шиддати билан билан бирга, табиатдаги ўзгаришлар, булутларнинг тундлашиб, ёмғир ёғиши, жангчиларнинг юз-кўз қиёфалари йирик ва умумий планларда ҳаётий тасвирланган.
Фильм томошасида режиссёрга ҳурматим ошишига яна бир ҳолат катта туртки бўлди. Бу муҳаббат саҳналарида ҳам миллий қадриятлар, диний ақидаларга терс борилмаганидир. Биламиз, халқаро кино лойиҳаларида 18+ саҳналари бўлиши ёзилмаган қоидага айланган. Бироқ Джейкоб Шварц очиқ саҳналардан чекинган. Зийрак томошабинлар буни илғаган бўлишлари аён.
Асар сценарийси ҳам яхши ёзилган. Муаллиф Метю Грин, асосан, Темурнинг салтанатга етиб келгунича босиб ўтган машаққатли даврини қаламга олиб, бу йўлда дуч келган қийинчиликлар, синовлар маҳорат билан тасвирлаган. Шу жиҳатдан журналист Шарофиддин Тўлагановнинг фильм номи ҳақида айтган фикрига қўшилиш мумкин. Унинг расмий номи — “Tamerlane: Rise of the Last Conqueror” (“Темур: сўнгги ҳукмдорнинг қуёши”) ўзбекчада “Амир Темур”га ўзгартирилгани ўзини оқламаган. Чунки битта фильмда Амир Темурдек тарихий шахслар ҳаёт йўлини қамраб олиш имконсиз. Шу боис картина расмий номи билан аталса, танқидчиларда ортиқча эътирозга ўрин қолдирмас эди.
Фильм матнида жузъий камчиликлар учрайди. Масалан, Темур исми картина сюжетининг бошиданоқ Амир Темур дейилади. Унинг оёққа туриб олишида ўзга ўлкадан ёрдам қўллари чўзилгани ҳам ўта баҳсталаб. Шунингдек, баъзи жумлалар таҳрирталаб бўлса, айрим диалоглар соф ўзбекча эмас. Сценарий матни ўзбекча фикрлайдиган муҳаррир таҳриридан ўтказилиши керак эди, назаримда.
Бош ролларни даниялик актёр Кристиан Мортенсен(Амир Темур), Махеш Джаду (Амир Ҳусайн), Юлдуз Ражабова(Ўлжой), Дулгуун Одхуу(Бибихоним) ўйнаган. Ўзбек томошабинлари бош қаҳрамон — Амир Темур образида Кристиан Мортенсенни қабул қилишга қийналади. Буни актёрнинг истеъдоди ёки ижро маҳорати паст, деган ўйда талқин этиш ноўрин. Бу ерда миллий ғурур энг катта ҳакамга айланиб, Соҳибқиронни бошқа миллат вакили гавдалантирганини ҳазм қилиши осон кечмайди. Лекин тан олиб айтиш керак, Кристиан Мортенсен ролга яхши тушган. Унинг ўрнида, шахсан мен, ўзимизнинг қоракўз актёрлардан ҳеч бирини кўра олмаяпман...
Оддий томошабин сифатида Кристиан Мортенсен ижросида англаганим энг катта камчилик кўзидаги ҳалимлик ва бир хилликдир. Унинг нигоҳлари ва юз ифодалари картина бошидан охиригача деярли ўзгармайди. Актёр ижросида содда одам, иймон-эътиқодли киши, меҳрибон ёр, ғамхўр ота, дона шогирд, фозил инсон кўз қарашларини, юз мимикаларини кўриш мумкин. Бироқ ёвқур саркарда, дарғазаб жангчи, алданган дўстнинг ўткир нигоҳларини, қаҳрли қиёфасини топа олмайсиз. Эҳтимол, режиссёр Амир Темурни шундай кўргандир, актёр ана шундай тасаввур қилгандир...
Махеш Джаду (Амир Ҳусайн), Юлдуз Ражабованинг юқори ижро маҳорати, Дулгуун Одхуу(Бибихоним) ўта самимий ва табиий қиёфаси фильм таъсирчанлигини оширганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Тақдимотда фильм продюсери Беҳруз Ҳамзаев қайта-қайта таъкидлаганидек, Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур бобомизни хориж киномухлисларига танитиш учун қилинган бу саъй-ҳаракатни фақат олқишлаш керак.
Узоқ йиллардан буён ўзбек киноижодкорлари журъат қила олмаган ишга қўл урган ижодий жамоага, инвестиция киритганларга эса ташаккур! “Амир Темур” кўришга, кўрсатишга арзийдиган, сарфланган ресурсларни оқлайдиган кино бўлибди.
Саид РАҲМОН
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг