Техник чигит ва техник чигитдан олинадиган маҳсулотлар фақат биржа савдолари орқали сотилади

17:56 02 Апрель 2021 Иқтисодиёт
5779 0

Бу ҳақда «Ўзагроинспекция» маълум қилди.

«Ноҳалол тадбиркорлик субъектлари томонидан ички бозорда юқори ликвидли ва монополь маҳсулотларнинг нархларини сунъий ошириш, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ҳамда биржа савдосини янада фаоллаштириш мақсадида жорий йилнинг 17 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юқори ликвидли ва монополь товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5031-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил 15 июндан бошлаб биржанинг товар бозорларида талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш мақсадида жорий йил охирига қадар монополист бўлмаган, давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши умуман мавжуд бўлмаган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган пахтадан олинган чигит, пахта мойи (жумладан, экстракция пахта мойи) ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) — ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи ички бозорда фақат очиқ биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сон қарорига илова «Монополист корхоналар ҳамда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ёки устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотиладиган юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг рўйхати»га пахта экстракция мойи киритилди.

Ушбу рўйхатдаги 29-33-бандларида кўрсатилган товарлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479-сонли «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 2-бандини ҳисобга олган ҳолда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган ўсимлик ёғи (пахта), экстракция мойи (пахта), пахта шроти, шелухаси ва техник чигити ички бозорда бозор тамойиллари асосида фақат биржа савдо орқали сотилиши кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, 2022 йил 1 январдан бошлаб, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан пахтадан олинган чигитни тайёр маҳсулотни қайтариш шарти асосида ёғ-мой ташкилотларига бериш фақат бир пахта-тўқимачилик кластери доирасидаги ташкилотлар ўртасида амалга ошириш тартиби ўрнатилиши белгиланди» дейилади Инспекция матбуот хизмати хабарида.

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер