ТДЮУда “БМТ ҳафталиги” бошланди
Ҳафталик аввалида очилиш маросими ўтказилиб, “БМТнинг 75 йиллиги: Умумий саъй-ҳаракатлар билан умумий келажак сари” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими хабар берди.
ZOOM платформаси орқали ўтказилган тадбирда Бош прокуратура Академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази мутахассислари, ТДЮУ, ЖИДУ, Қорақалпоқ давлат университети, Наманган, Термиз ва Самарқанд шаҳарларидаги юридик факултетлар профессор-ўқитувчилари, докторант ва талабалари иштирок этди.
Маросимда ТДЮУ ректори Раҳимжон Хакимов ва ЖИДУ ректори Комилжон Каримов сўзга чиқиб, ҳафталик давомида ўтказиладиган тадбирлар, уларнинг мақсад-вазифалари, мазмун-моҳияти хусусида иштирокчиларга маълумот берди.
Қайд этилганидек, дунёда БМТнинг ўрни ва аҳамияти ортиб бораётган айни кезларда мазкур ташкилот билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, турли муаммоли вазиятларда биргаликда иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шу кунга Ўзбекистон БМТ доирасида қабул қилинган кўплаб халқаро шартномаларни ратификация қилди, БМТнинг ихтисослаштирилган агентликлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйди, ушбу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва глобал муаммоларни ҳал қилиш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Тадбирда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси натижаларига умумий шарҳ берилди, унинг ҳар йиллик умумий мунозаралари давомида илгари сурилган ташаббуслар қисқача таҳлил қилинди. Шунингдек, глобал ва миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида илгари сурилган Ўзбекистон ташаббусларини муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур сессиядаги Ўзбекистоннинг ташаббуслари халқаро ҳаётнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган, улар нафақат халқаро қонунчилик базасини, балки БМТ доирасидаги ҳамкорликнинг институционал механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган эди.
Шунингдек, тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масалалари хусусида сўз юритилиб, бу йўналишдаги халқаро ва миллий тажриба, ТДЮУ ва ЖИДУда инсон ҳуқуқларини ўқитиш тажрибаси муҳокама қилинди.
Давра суҳбати давомида ТДЮУ талабалари томонидан тайёрланган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган Ўзбекистоннинг ташаббусларига бағишланган видеороликнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Якунда давра суҳбатида илгари сурилган барча масалалар юзасидан иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, саволларга жавоб берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг