ТДЮУ ректори: “Мақсад фақат дипломли бўлиш эмас...”

18:00 05 Декабрь 2019 Жамият
2811 0

Олий таълимни тубдан модернизация қилиш ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашдек эзгу мақсадга соҳада коррупция иллатига барҳам бермасдан туриб эришиб бўлмайди. Таълим тизимининг коррупциялашуви нафақат рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имконини йўққа чиқаради, балки бутун жамиятда ҳақиқат, адолат ва қонунийлик каби инсонпарварлик тамойилларига путур етказади, турли соҳа ва тармоқларнинг ҳам издан чиқишига олиб келади.

Шу туфайли ҳам Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида коррупцияга қарши курашиш, фаолият шаффофлигини таъминлаш – соҳадаги ислоҳотларнинг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, олий таълим даргоҳлари олдига масъулиятли вазифалар қўйилди.

Олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини изчил давом эттириш, таълим муассасаларини ҳалол, виждону иймони пок профессор-ўқитувчи ва ходимлардан шакллантириш, талабалар билан устозлар ва муассаса раҳбарияти ўртасидаги сунъий, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, талаба билимини баҳолашда шаффофлик ҳамда адолатни таъминлаш каби вазифалар шулар жумласидандир.

Қўйилган вазифалар ижроси ҳақида сўз борар экан, бугун олий таълимда коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилмаганини қайд этишга мажбурмиз. Бинобарин, мазкур масалада тизимли ёндашув етишмаяпти.

Хўш, бундай ёндашув нималарда намоён бўлиши мумкин?

Энг аввало, ҳар бир олий таълим муассасасида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони талаблари асосида Коррупцияга қарши курашиш дастурини қабул қилиш, ўша олийгоҳнинг бу борадаги ўзига хос сиёсатини белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.

Бу ҳужжатда олий таълим муассасасида коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсад ва вазифалари, тамойиллари, объектлари ва субъектлари, профессор-ўқитувчилар, ходим ва талабаларнинг коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш юзасидан мажбуриятлари, бу иллатни юзага келтирувчи хавфлар, шароитлар ва уларга қарши чоралар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича ходимларни тизимли ўқитиш каби долзарб масалалар ўз ўрнини топиши лозим. Коррупцияга қарши курашиш дастурлари олий таълим муассасаларида ҳар йилги чора-тадбирлар режаларини тасдиқлаш йўли билан амалга оширилиши даркор.

Олий таълим муассасаларида Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияларни ташкил этиш ва улар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳам жиддий амалий аҳамият касб этади. Бундай комиссияларнинг фаолияти коррупциянинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларни аниқлаш ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, иллатга қарши курашиш ҳаракатини тизимли ташкил этишга хизмат қилади. Мазкур комиссиялар таркибига талабалар, ота-оналар ва кенг жамоатчиликни жалб этиш – улар ишида самарадорлик ошишининг асосий шартларидан ҳисобланади. 

Коррупцияга қарши кураш бўйича тизимли ёндашувни таъминлашдаги галдаги масалалар — бу профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун Одоб-ахлоқ қоидалариМанфаатлар тўқнашувиКоррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этишга ундаш ҳолатлари бўйича хабар бериш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат. Зеро, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар қандай хулқ-атвор коррупция ҳолатларини юзага келтириши, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундаш ҳаракатлари сезилганда қандай чоралар кўриши лозимлиги ҳақида билим ва тажрибага эга бўлгандагина коррупцияни енгишда жиддий самарага эришиш мумкин.

Олий таълим тизимидаги коррупция билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда нафақат олий таълим муассасалари, балки иш берувчилар ва кенг жамоатчилик ҳам фаол бўлиши зарур. Афсуски, ҳозирга қадар жамиятимизда “Энг муҳими – дипломли бўлиш” деган қараш устунлик қилмоқда. Ёшлар онгида қуруқ дипломли бўлиш эмас, балки чуқур билим ва ишончли кўникмаларга эга бўлиш ғояси устуворлигига эришилсагина таълим соҳасидаги коррупцияга қарши курашда жиддий олдинга қадам ташлаш мумкин бўлади.

Бир ҳақиқат аниқ: коррупцияга қарши курашда энг муҳим омиллардан бири – бу таълим жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлашдир. Кириш имтиҳонларидан тортиб, жорий, оралиқ ва якуний синов имтиҳонлари, диссертация ишларининг ҳимояси, ўқишни кўчириш, тиклаш билан боғлиқ барча жараёнлар шаффоф қоидалар асосида очиқ ва ошкора ўтказилиши лозим. Қолаверса, коррупциясиз муҳитни шакллантиришда талабалар ва олий таълим муассасаси раҳбарияти ўртасида доимий мулоқот ўтказиш (feed-back), шунингдек, муайян давр оралиғида, масалан, ҳар семестр якуни бўйича талабалар томонидан профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолаш тизимини яратиш ҳам яхши самара беради.

Айни пайтда, коррупцияга қарши курашишда талабаларнинг фаоллиги ҳамда қонунга мувофиқ хулқ-атворда бўлишини таъминлаш зарур. Таассуфки, ҳамма талабалар ҳам ўзлари гувоҳ бўлган тамагирлик ва коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришмайди, ёки аксинча, айрим талабаларнинг ўзи профессор-ўқитувчилар ва ходимларни коррупцион ҳаракатларни содир этишга ундайди. Бундай муаммоларни олдини олиш ва ҳал қилишда талабаларнинг жамоат ташкилотлари, жумладан, Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилотлари фаоллиги ва қатъий позицияси ижобий самара бериши аниқ. Қолаверса, олий таълим муассасасидаги коррупция ҳолатига бефарқ бўлмаган талаба, ходим ёки профессор-ўқитувчини моддий рағбатлантириш тартибини жорий қилиш ҳақида ҳам жиддий ўйлаш вақти келди.

Ҳар қандай тизимда бўлгани каби олий таълимда ҳам коррупцияга қарши курашишни самарали кадрлар сиёсатини юритмасдан амалга ошириб бўлмайди. Шу боис, профессор-ўқитувчилар ва ходимларни ишга ёллашда уларнинг ҳалоллик, виждонлилик сингари инсоний фазилатларга эга бўлишига алоҳида диққат қаратиш ҳамда танлов жараёнларини тўла очиқ ва ошкора ўтказиш талаб этилади.

Шу билан бирга, профессор-ўқитувчилар ва ходимларни етарли иш ҳақи билан таъминлаш ва меҳнати самарасига қараб моддий рағбатлантириш, уларнинг вазифасига муносабатини бутунлай ўзгартириш, яъни қанча вақт ишлаганига эмас, бу ишнинг натижасига қараб ҳақ тўлаш тизимини яратиш зарур.

Бугунги замонавий ахборот асрида олий таълим жараёнига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шу орқали ўқув жараёнида субъектив омилларни бартараф этиш ҳам коррупция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашда муҳим усуллардан саналади. Хусусан, таълим жараёнини рақамлаштириш ва ортиқча қоғозбозликдан воз кечишни назарда тутувчи “Электрон университет” тизимига ўтиш долзарб вазифадир.

Бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда юқорида қайд этиб ўтилган йўналишларда комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастурнинг самарали, оғишмай амалга оширилиши университетда коррупциядан холи муҳит яратилишига, ҳалол, пок виждонли, замонавий билимларга эга ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Раҳимжон ҲАКИМОВ

Адлия вазири ўринбосари — Тошкент давлат юридик университети ректори, юридик фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер