«Tashkent Law Spring» IV форуми: Рақамли ҳуқуқ тизими муҳокамада
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
29–30 май кунлари Тошкентда «Tashkent Law Spring» IV халқаро юридик форуми бўлиб ўтмоқда. 2019 йилдан бери ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган бу нуфузли тадбир ҳуқуқ соҳасидаги энг муҳим халқаро мулоқот майдонларидан бирига айланган.
Бу йилги форум «Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар» мавзусига бағишланган бўлиб, унда 40 дан зиёд давлат ва халқаро ташкилотлардан 1 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашмоқда. Улар орасида Саудия Арабистони, БАА, Россия, Сингапур ва бошқа мамлакатлар вакиллари бор.
Тадбир доирасида 20 га яқин сессиялар, маҳорат дарслари ва илк бор ёшлар юридик форуми ҳам ташкил этилди. Сунъий интеллект, блокчейн, электрон ҳукумат, интеллектуал мулк ва юридик таълимдаги рақамли ечимлар муҳокама марказида бўлди.
Форум ўзини-ўзи молиялаштириш асосида ўтказилмоқда, ортган маблағлар анъанага кўра хайрия жамғармаларига йўналтирилади. Унинг натижалари асосида янги қонунчилик ташаббуслари, ҳуқуқий ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари шакллантирилиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг