«Ташаббусли бюджет»нинг 2-мавсуми бошланди
Иллюстратив фото
Бугун, 15 июлдан «Очиқ бюджет» порталида «Ташаббусли бюджет» жараёнларининг 2025 йилги 2-мавсуми доирасида лойиҳа киритиш босқичи бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жараёнлар қуйидаги саналарда:
- Лойиҳа киритиш босқичи — 15 июль – 3 август;
- Саралаш босқичи — 4–18 август;
- Тарғибот босқичи — 19–21 август;
- Овоз бериш босқичи — 22–31 август кунлари ўтказилади.
«Ўз ҳудудингиздаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ташаббус кўрсатинг, фаол бўлинг!» дейилади хабарда.
Шунингдек, 2024 йилги 2-мавсуми ҳамда 2025 йилнинг 1-мавсумида (иккита мавсумда кетма кет) ғолиб бўлган 823 та маҳаллага жорий йилги 2-мавсуми ҳамда 2026 йилги 1-мавсумида танаффус берилади.
Мазкур маҳаллалар (шунингдек, ушбу маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар) навбатдаги икки мавсум доирасида ўз лойиҳалари билан иштирок эта олмайди.
Танаффус бериладиган маҳаллаларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Ғолиблар рўйхатига аниқлик киритилган ҳолларда ҳар мавсум бошланишидан аввал танаффус берилаётган маҳаллалар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифалари ҳамда «Очиқ бюджет» порталида эълон қилиб борилади.
Қайд этилишича, Наманган шаҳар – «Даштбоғ», Когон шаҳри – «Нурафшон» ва Шуманай тумани – «Бегжап» маҳаллаларининг 2025 йил 1-мавсумдаги лойиҳалари рад этилгани сабабли ушбу маҳаллаларга танаффус берилмайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг