Ташаббус йўқ жойда ривожланиш бўлмайди

13:00 08 Ноябрь 2022 Жамият
533 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 2021 йил 30 ноябрь куни Ёзёвон туманига ташрифи чоғида кичик саноат зоналарида олиб борилаётган ишларни танқид қилиб, бу борада тадбиркорларни ташаббускор бўлишга ундаган эди. Хўш, орадан қарийб бир йил вақт ўтди. Бу борада қандай ўзгаришлар бўлди?

Ёзёвон туманида ишлаб чиқариш, саноат, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда қўшимча янги иш ўринлари яратиш мақсадида 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. Шу тариқа туманда кичик саноат зоналари учун 18,3 га ер майдони ажратилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагидаги тадбиркорларга ерлар ноль қийматда тақсимлаб берилди.

Ўтган даврда 4 та кичик саноат зонаси 84 та лотга ажратилиб, 41 та лойиҳа жойлаштирилди. Бу лойиҳалар доирасида 317,2 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиб, 1 минг 211 та иш ўрни очиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда битта янги ташкил этилган кичик саноат зонасини лотларга ажратиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Гулистон-1» кичик саноат зонасига 17 та лойиҳа жойлаштирилган бўлиб, бугунги кунда 15 та лойиҳада қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу пайтгача иккита лойиҳада қурилиш ишлари бошланмагани сабабли тегишли қарорга асосан шартнома бекор қилинди ва у янгидан электрон аукцион савдоларига қўйилмоқда. Шу кунларда 15 та лойиҳадан фақат 5 тасида тадбиркорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, холос.

Шунингдек, «Гулистон-2» кичик саноат зонасида 22 та лотда 12 та лойиҳа жойлаштирилган бўлсада, уч нафар тадбиркоргина ишларни муваффақиятли бажарди. Қолган 9 та лойиҳа бўйича белгиланган ишлар якунига етказилгани йўқ.

«Тошҳовуз» кичик саноат зонасига ажратилган 24 та лотда 12 та лойиҳа жойлаштирилган бўлса, бор-йўғи 2 та лойиҳада ишлар бошланган. Ўнта лойиҳа бўйича ҳалигача тадбиркорларнинг ташаббуси кўзга ташланмаяпти. «Сувлиариқ» кичик саноат зонасида 12 та лотда 3 та лойиҳа жойлаштирилган ва бирортасида амалий саъй-ҳаракатлар сезилмайди.

— Кичик саноат зоналарида жойлаштирилган барча лойиҳалар бўйича бугунгача ишлар якунланган бўлиши, бозор талаби ва эҳтиёжи асосида харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши керак эди,-дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Фарҳоджон Маматқулов. — Афсуски, ёзёвонлик баъзи тадбиркорларда ташаббус йўқ. Ташаббус йўқ жойда эса тараққиёт – инвестиция, экспорт режаларини бажариб бўлмайди.

Мисол учун, ўтган вақт давомида «Ҳамроқулов Жамолиддин Иброҳимович», «Абдулазизбек Файз-2021», «Сойбўйи қурилиш савдо», «Ёзёвон катта карвони», “Dolina liana”, “YMO PREMIUM UNIFORM” хусусий корхоналари, «Ҳосилбой Нодирбой файз», «Водий лаззат иссиқ нон», «Ёзёвон Умид Сари», «Турғунов Муҳаммадюсуф Исроил ўғли», «Аdolat koʼmak biznes”, «Қоратепа юксалиш текстиль», «Буюк турон марвариди» МЧЖлари, «Ботиров Дилшод Маҳамадалиевич», «Саҳоватли Ҳасанбой ота» сингари тадбиркорлик субъектлари бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай, ҳалигача белгиланган ишларни бажармай келишмоқда.

Шуниси аниқки, бундан буён ушбу лойиҳалар доирасида белгиланган ишларни ўз муддатида амалга оширмаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан ажратилган ер майдонларини суд тартибида қайтариб олиш бўйича жиддий чоралар кўрилади.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер