Тарихий ёдгорликлар ўрнига ҳожатхона, ҳаммом ва хўжалик иншоотлари қуриб юборилгани аниқланди. Прокуратура иш очган

10:48 25 Июнь 2024 Жамият
808 0

Бош прокуратура ва Маданий мерос агентлиги Қашқадарё, Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятида жами 12 та археология иншоотига қиймати 8,3 миллиард сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

«Ҳудудларда ўтказилган текширишларда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, бир қатор археология ёдгорликларини йўқотилиши олди олинди», дейилади хабарда.

Қонунбузарлик ҳолатларининг биринчиси Қашқадарё вилоятида жойлашган «Кофиртепа-2» (VII – ХIII асрга оид) ёдгорлигининг 2,4 м3, «Бештерактепа»нинг (IХ – ХII) 6 м3 ҳамда «Хонтепа»нинг (ХI – ХIII) 189 м3 қисми уй-жой қуриш учун бузилгани аниқланган.

Жиззахда «Томошотепа-2» (IV – V) ёдгорлигининг 14 м3 қисми ҳожатхона ҳамда «Қоратепа»нинг (V – VI) 30 м3 қисмига ва Тошкент вилоятининг «Номсизтепа-2»нинг 1,92 м3 қисми иссиқхона қуриш учун қисман бузилган. 

Шунингдек, Тошкент вилоятида «Номсизтепа-1» ёдгорлигининг 15 м3 қисми ҳожатхона, Сирдарёда «Ҳашартепа» (IX – ХII) ёдгорлигининг 6,4 м3 қисми ҳожатхона ва ҳаммом қуриб юборилган. 

Навоийда «Ғазғонтепа» ёдгорлигининг 16 м3 қисми мобил компания антеннаси, «Нонвойлартепа-2»нинг 5,3 м3, «Калтепа»нинг (V – VIII) 23 м3 ҳамда «Ясилтепа»нинг (III – ХI) 20 м3 қисми хўжалик иншоотлари учун ишлатиб юборилгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳаёт Шамсутдинов мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер