Танзила Нарбаева Хитой элчиси билан учрашди

19:57 05 Февраль 2023 Сиёсат
610 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2023 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимизда дипломатик миссиясини якунлаётган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзянь Ян хонимни қабул қилди.

Икки мамлакат раҳбарларининг чуқур ўзаро англашув ва яқин муносабатлари Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатларнинг дўстона ва стратегик характерини белгилаб бергани алоҳида таъкидланди.

Танзила Нарбаева Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга тўхталиб, бугунги кунда алоқаларимиз ривожланиш чўққисида экани, ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида Цзянь Ян Ўзбекистон раҳбариятига билдирилган юксак ишонч ва дипломатик миссияни муваффақиятли амалга ошириш учун қулай муҳит яратилгани учун миннатдорлик билдириб, бундан кейин ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.

Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, томонлар давлатлараро муносабатларни ривожлантиришда парламентлар ролини оширишга қаратилган конструктив ёндашувни ҳамда юқори даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назорати таъминланишини тўлиқ қўллаб қувватлашини билдирдилар. Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳини фаоллаштириш ҳамда иккала давлат парламент делегацияларининг мунтазам ўзаро сафарларини йўлга қўйиш борасида якдиллик билдирилди.

Учрашув якунида Цзянь Яннинг давлатимиздаги дипломатик миссияси давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга қўшган ҳиссаси эътироф этилиб, келгусида ҳам икки давлатнинг ўзаро муносабатларини ривожлантиришда тизимли ҳамкорлик давом эттирилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер