Танзила Нарбаева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Татяна Валоваяни қабул қилди

17:02 05 Декабрь 2022 Сиёсат
920 0

Бугун, 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женева шаҳридаги бўлинмаси бош директори Татяна Валоваяни қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўртасидаги кўп қиррали фаол ва самарали ҳамкорликка оид муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, мамлакат Президенти томонидан халқаро кун тартибининг долзарб масалалари бўйича илгари сурилган ташаббуслар БМТ томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу, ўз навбатида, ушбу нуфузли тузилма билан муносабатлар изчиллик касб этаётганини англатади.

Сенат Раиси Т.Нарбаева кейинги йилларда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини, Ўзбекистон БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа йирик халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқлигини намоён этиб, ўз мажбуриятларини сўзсиз бажариб келаётганлигини таъкидлаб ўтди. БМТ институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган дастур ва лойиҳалар доирасидаги асосий устувор йўналишлар, ўз навбатида, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига тўла мос келиши алоҳида қайд этилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасида самарали ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилгани, уларнинг бажарилиши бўйича ҳукуматнинг фаолияти юзасидан мунтазам назорат олиб борилиши таъкидлаб ўтилди.

Ўз навбатида, БМТ Бош котиби ўринбосари Татяна Валовая Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ишларни қайд этиб, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қонунчиликни доимий такомиллаштириш орқали амалга ошириш муҳимлигини, бунда парламент асосий ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.

Мулоқот давомида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва имкониятларини кенгайтириш масалалари эътибор марказида бўлди.

Учрашув якунида томонлар тизимли мулоқотни давом эттириш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер