“Тандир тўла ёпилди нон...”

11:36 04 Август 2025 Жамият
259 0

Бугунги кунда Бувайда туманида ота-боболардан мерос ҳунарни меҳр билан давом эттираётган сулолалар кўпчиликни ташкил этади. “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи тажрибали тандирчи уста Сайфиддин Тошматов шулардан бири ҳисобланади. У бобомерос ҳунарни бугунги кунда набираларига қунт билан ўргатмоқда.

— Болалигимдан отамнинг ёнида юриб, тандир ясашни ўрганганман, —дейди отахон. — Бу ҳунар менга отам, отамга отасидан мерос. Шу боис ишимни жуда ҳам яхши кўраман.

Айтиш жоиз, тандир ҳар бир хонадонга қут-барака, файз ва албатта меҳр-оқибат туйғуларини олиб киради. Шукрки, бугунги дориламон кунларда хонадонларда ҳар куни тандир тўла нон ёпилади. Новвойларимиз нон ёпишни санъат даражасида юксалтиришди.

Фарғона водийсида тўйлар олдидан хонадонда янги тандир қуриш яхши анъана сифатида сақланиб қолган. Халқимизнинг хонадонда тўй бўлса, тандир-ўчоқ суюнармиш, деган гапи бежиз айтилмаган, ахир.

Тандирчи устанинг маълум қилишича, кунига камида 5-6 та тандир сотишади. Айни пайтда 15-25 дона нон сиғадиган тандирларга талаб катта. Шу билан бирга, новвойлар 70 донагача нон сиғадиган тандирга ҳам буюртма беришади. Мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан буюртмачилар борлиги эътиборга молик.

— Ҳозирда набирам Жамолиддин тандирчи уста сифатида танилиб қолди, — дея отахон суҳбатимизни давом эттиради. — Демак, сулоламиз фаолияти бардавом. Оддий лойдан мўъжизалар яратишда давом этамиз.

Ботир МАДИЁРОВ,

«Халқ сўзи».    

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер