Таълим масканларидаги байрам кайфияти
Фото: Халқ сўзи
Бугун республикамиз таълим масканларида янги ўқув йили бошланди. Ушбу сана муносабати билан ўқув муассасаларида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!» шиори остидаги мустақиллик дарслари бўлиб ўтди. Андижон вилоятида янги ўқув йили олдидан вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов тўғридан-тўғри эфир орқали устозлар ва ўқувчиларга табрик йўллади. Унда вилоятда ёш авлодни тарбиялаша учун яратилган шароит ва келгуси режалар ҳам тилга олинди. Маълум қилинишича, бу йил вилоятдаги 762 та умумтаълим мактабларида 596 минг 803 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 67 минг 400 нафарини 1-синф ўқувчилари ташкил этади.

— Қувончим ниҳоятда чексиз, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Насибахон Аҳмедова. — Қаттиқ ҳаяжондаман! Боиси, фарзандим Хумоюнжон бу йил Андижон шаҳридаги 24-умумтаълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди. Ўзим ҳам шу мактабда тахсил олганман. Орадан ўтган давр мобайнида масканда катта ўзгаришлар юз берибди. Спорт зали, ошхона ва фаоллар хонаси янгиланибди. Стадионда барча шароитлар муҳайё. Кутубхонада керакли адабиётларни топши мумкин. Ўғлимнинг келажагидан кўнглим тўқ!
Айтиш жоиз, бу йил 18 та мактабда ўқувчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 4 та мактаб биноси янгитдан барпо этилди. Жумладан, Асака туман халқ таълими бўлимига қарашли 59-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синфлари учун 660 ўринли қўшимча ўқув биноси қуриб, битказилди. 7.5 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа мактаб ўқувчилари учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.
Пахтаобод туманидаги 38-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган биноси 310 ўринли бўлиб, болалар сонининг ортиши ҳисобига мактабда қўшимча бино барпо этиш куннинг муҳим вазифасига айланганди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли 300 ўринли янги бинонинг қад ростлаши барча муаммога ечим топди. Энди «Ҳаётбахш» маҳалласида истиқомат қилувчи ўғил-қизлар ҳам замонавий бинода энг сўнгги русумдаги ўқув қуролларидан фойдалана бошладилар.

Янги ўқув йили вилоятдаги олий таълим муассасаларида ҳам муносиб қарши олинди. Шу ўринда айтиш мумкинки, вилоятда сўнгги уч йилда олий таълим муассасалари сони 4 тадан 10 тага етди. Президентимизнинг тегишли қарорига асосан жорий йилда яна бир янги олий таълим муассасаси — Андижон давлат чет тиллари институти ташкил этилди. Бугун ушбу олий таълим муассасасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, барчани янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади.
Институтда ушбу ўқув йилида 9 та бакалавриат таълим йўналишларида 400 нафардан зиёд, 3 та магистратура мутахассисликларига 24 нафар талабалар қабул қилинди ва уларнинг умумий сони 4 минг нафардан ошди. Масканда 1120 ўринли ётоқхона барпо этилди. Йигит-қизлар дарсдан бўш пайтларида бу ерда ташкил этилган турли тўгараклар ва касб-ҳунарга йўналтирувчи машғулотларда иштирок этишлари мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида янги ўқув йили муносиб ҳозирлик билан кутиб олинди.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг