Таиландда одам савдоси қурбонига айланган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Мьянмада оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ватанга қайтарилди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонасига бир гуруҳ юртдошларимиз Мьянмада одам савдоси қурбонига айлангани ва ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаатчиларнинг маълум қилишича, улар Таиландга интернетда юқори маошли иш таклифи билан келишган. Уларга Ўзбекистондан бепул авиачипта ҳам тақдим этилган. Бироқ, улар Таиландга етиб келганидан сўнг, алдов йўли билан Мьянма ҳудудига ноқонуний равишда олиб ўтилган ва у ерда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қўлига тушиб қолган. Улар фирибгарлик колл-марказларида ишлашга мажбурланган. Ноқонуний ҳаракатларни амалга оширишдан бош тортган фуқароларга жисмоний зўравонлик ва таҳдидлар қилинган.
Шунингдек, Мьянмада худди шундай вазиятда Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айлангани аниқланган. Қирғизистоннинг Таиландда дипломатик ваколатхонаси йўқлигини инобатга олиб, қўшни давлатнинг илтимосига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатлари ушбу фуқароларни ҳам ватанга қайтаришни ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатган.
Мьянма ва Таиланднинг ваколатли органлари билан олиб борилган келишилган ҳаракатлар ва музокаралар натижасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари озод қилиниб, Маэсот (Таиланд) чегара пунктида Ўзбекистон ва Қозоғистон дипломатларига топширилган. Озодликка чиқарилган шахсларга вақтинчалик турар жой ва озиқ-овқат берилган.
2025 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг Таиланддаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ватанга муваффақиятли қайтарилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг