Таҳлилчилар: Исроил Ғазодан кейин эътиборини Ливанга қаратиши мумкин
Фото: Reuters
«Ҳизбуллоҳ» 2006 йилги Исроил билан урушдан кейинги энг йирик зарбасини сўнгги кунларда амалга оширди. Бунга сабаб аввалроқ яҳудий аскарларининг зарбаси оқибатида гуруҳнинг юқори мартабали дала қўмондони ҳалок бўлган эди. Охирги вақтларда Исроил ва Ливан ўртасидаги жанговар ҳаракатларнинг кучайиши Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар якуни яқинлашиб қолганига ишора бўлса, ажаб эмас.
Шунингдек, Тел-Авив Ғазодаги ҳаракатлари учун Жанубий Африка Республикаси томонидан Халқаро Жиноят бўйича судга берилиб, геноцид айбловларига учрамоқда.
Таҳлилчиларга кўра, Исроил Ғазодан кейин ҳарбий эътиборини Ливанга қаратиши мумкин. Ливан армиясининг истеъфодаги генералининг айтишича, яҳудий аскарлари Ғазодаги урушни тугатмасдан туриб, Ливан билан урушни кенгайтира олмайди. Ўтган ҳафта Бенямин Нетаньяҳу чегарада қизғин операцияга тайёрланаётганини айтган.
«Ҳизбуллоҳ» дунёдаги энг кучли нодавлат гуруҳлардан биридир. У асосан Исроилнинг шимолий тарафига зарба бермоқда. Сиёсатчиларнинг айтишича, Тель-Авивдек аҳоли тиғиз жойлашган шаҳарга ракета ҳужумларини амалга ошириш мамлакатдаги бўлгинчи кайфиятни янада ошириб юбориши мумкин. Уларнинг қўшимча қилишича, Ғазо ёки Ливан тасаввур қила оладиган вазиятни Исроил ўйлашга ҳам тоқат қила олмайди.
Сўнгги ҳафталарда «Ҳизбуллоҳ» жанг майдонида илгари ишлатилмаган янги қуроллардан, жумладан, Исроил қирувчи самолётларини чекинишга мажбур қилган зенит-ракеталардан ҳам фойдаланган. Бу Исроил кучларининг ҳаводаги устунлигига шубҳа туғдиради.
АҚШ расмийлари «Ҳизбуллоҳ»га қарши тарангликнинг кучайиши Эрон ва минтақадаги бошқа иттифоқчи кучларни жалб қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Истеъфодаги Ливан генерали эса бу урушлар мамлакат иқтисодига оғир зарба бериши ва буни кўтара олмаслигини айтган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг