Тадбиркорга мададкор борми?
Тадбиркорлик кўп ҳолда таваккалчиликни талаб этади. Ахир, чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, деган гап бежизга айтилмаган-да. Баъзан аниқ бизнес лойиҳа ишлаб чиқилиб, обдон ҳисоб-китоб асосида бошланган ҳаракат чиппакка чиқиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Бойсунлик Чори Раҳимов катта орзу-умид билан тадбиркорликка қўл урди. Аммо, бу борадаги интилишлари омадсизликка юз бурди. У бунёд этган интенцив усулдаги иссиқхона тоғ шароитида тез-тез содир бўладиган кучли довул туфайли яроқсиз ҳолга келиб қолди. Шу туфайли тадбиркор эккан кўчатлар нобуд бўлди. Натижада, таъбир жоиз бўлса, “тарвузи қўлтиғидан тушди”. Бир йилдирки, кимлардандир мадад кутиб яшамоқда. Хўш, мададкор борми?!
Фуқаронинг таҳририятимизга йўлланган хатида қуйидагилар баён этилган: “Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “тадбиркор иш ўрни яратса уни бошимга кўтараман”, деган сўзларидан руҳланиб, қолаверса фарзандларим келажагини ўйлаб 2017 йилда Бойсун тумани “Тўда” маҳалласи ҳудудидаги “ Қўшатут” массивида интенсив усулда иссиқхона ташкил этишга киришдим. Дастлаб, ўз сармоямни сарфлаб 1500 м. кв бўлган ер майдонида иссиқхона қуриш ҳаракатига киришдим. 2018 йил март ойида ушбу лойиҳани тўла амалга ошириш учун ЎзТИФ Миллий банк Термиз бўлими Шеробод филиалидан ҳеч қандай имтиёзсиз 20 фоизли 70 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона шароитида деҳқончилик ишларига киришдим. Куз фасли бошида помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатларини экиб, ишларимиз самараси кўринаётган бир пайтда, 2018 йил 15 октябрь куни содир бўлган кучли довул иссиқхона устидаги плёнкаларни учириб, кўчатларни яроқсиз ҳолга келтирди. Шу куни табиий офат келтирган зарарни қўл телефоним ёрдамида тасвирга олганман. Ушбу видео тасвир ҳали ҳам бор. Шундан кейин табиий офат туфайли бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган иссиқхонада деҳқончилик ишларини амалга ошира олмадик. Ишларни қайта йўлга қўйиш учун сармоям йўқлиги туфайли ҳозирга қадар иссиқхона фаолиятини тиклай олмаяпман. Энг муҳими, лойиҳам барбод бўлгани туфайли банкдан олинган 70 миллион сўм кредит фоизи ва асосий қарзни сўндириш борасида муаммо вужудга келган, бу эса менинг ташвишимни янада кўпайтирмоқда”.
Гап шундаки, мазкур иссиқхонани суғурталаш бўйича Ч. Раҳимов ҳамда “GROSS INSURANCE” МЧЖ ўртасида 43/22/ 0023-сонли “Гаровга қўйилган мулкни суғурталаш” шартномаси тузилган. Мазкур шартноманинг 4.1 бандида суғурта ҳодисаси содир бўлганда товон тўланиши аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган. Бироқ, суғурта компанияси турли важлар асосида ўз мажбуриятини бажармасдан келмоқда.
“Қисман ўз маблағим ва банк кредитини йўналтириб, бор куч-қувватимни сарфлаб иссиқхона ташкил этган бўлсамда, табиий офат келтирган зарар туфайли катта моддий ва маънавий зарарга учрадим. Суғурта ҳодиса инобатга олиниб, 50-60 миллион маблағ тўлаб берилганида иссиқхонада деҳқончилик ишларини бажариб, бир мавсумнинг ўзида 200 миллион сўм даромад олишим, банк кредитини тўлашимга имконият пайдо бўларди”, деб мурожаат қилувчи фуқаро.
Тадбиркорлик фаолиятини бошловчилар одатда катта даромадни кўзлайдилар. Бирим икки бўлади, деб умид қилишади. Аммо, баъзан бунинг тамомила акси ҳам бўлиши мумкинми? Ҳа! Буни фуқаро Чори Раҳимов дуч келган вазият ана шуни ифода этмоқда. Тадбиркор ҳақми, ёки “GROSS INSURANCE” МЧЖ биз бу борада ҳакамлик қилиш фикридан йириқмиз. Умидимиз, адолат қарор топсин. Арзгўйнинг мурожаати ўзининг қонуний ечимини топсин...
Илҳом Раҳматов “Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг