Сувдан оқилона фойдаланайлик

19:36 16 Март 2023 Жамият
1120 0

БМТ маълумотига кўра, дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмайдиган ҳудудларда яшайди. 2025 йилга келиб ҳар 10 кишидан 6 нафари ёки 5,5 миллиард аҳоли чучук сув танқислигидан азият чекиши мумкин. Юқумли касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи айнан ичимлик суви сифатининг пастлиги ҳамда сув таъминотида санитар-гигиеник қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқ. Табиийки, бу глобал муаммо инсониятнинг тўкис ҳаёт кечиришига, келажак тараққиётга ўз таъсирини ўтказади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан 22 март — Бутунжаҳон сув ресурслари кунига бағишлаб “Сув ресурслари ва улардан фойдаланишдаги устувор вазифалар” мавзуида амалий семинар ташкил этилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, соҳани бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётир.

Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, уларни ижро этишнинг аниқ механизмлари белгилаб берилди. Хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепцияси сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришда, соҳага бозор тамойиллари, механизмлари, шунингдек, рақамли технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Таъкидланганидек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 31-мақсадида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш, жумладан, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. куб метр сувни иқтисод қилиш, сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш, соҳа объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш бўйича вазифалар белгиланди.

Маърузачиларнинг билдиришича, юқорида келтирилган топшириқлар ижроси юзасидан сувни иқтисод қилиш мақсадида ўтган йилда 463,7 минг гектар, шу жумладан, 89,8 минг гектар томчилатиб, 16,2 минг гектар ёмғирлатиб ва 5,7 минг гектар майдонда дискет суғориш технологиялари жорий қилинган. 243,0 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланиб, сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилган. Амалга оширилган тадбирлар натижасида жами 7 млрд. куб метр сув тежалишига эришилган.

Республика ҳудудида шаклланадиган сув ресурслари трансчегаравий дарёларга боғлиқлиги, иқлим ўзгариши, эҳтиёжнинг ортиши сув танқислиги келиб чиқишининг олдини олиш борасида кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни тақозо этмоқда. Хусусан, сўнгги 15 йилда ёғингарчилик 25 фоизга қисқарганлиги, ёзда ўта иссиқ кунлар давомийлиги ортгани олдимизда ҳали катта синовлар борлигидан далолат беради.

Шунингдек, экин майдонларининг асосий қисмида ҳанузгача эскича услубдаги суғориш тизими қўлланилиб келинаётганлиги ҳамда сувни тежайдиган технологияларни қўллаш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмаганлиги натижасида асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқолмоқда. Фермер хўжаликларининг суғориш тармоқлари асосий қисми тупроқ ўзанли бўлиб, уларда сувнинг фильтрация ҳисобига йўқолиш салмоғи юқорилигича қолмоқда.

Жаҳон банки экспертларига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилда Марказий Осиёда чучук сув тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.

Йиғилишида билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида вазирлик ва идораларга сув ҳавзалари ва ерости сув захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтириш, трансчегаравий сув ресурсларидан халқаро меъёрлар асосида, минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олган ҳолда фойдаланиш, сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш, сув хўжалиги объектини рақамлаштириш, насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ҳамда муқобил энергияга ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Тадбир якунида халқ вакиллари томонидан соҳага оид қонунларни такомиллаштириш, уларнинг жойлардаги ижросини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Семинар қатнашчилари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Agrover” МЧЖда қишлоқ хўжалиги кластери фаолияти, унда жорий этилган сув тежовчи технологиялар билан ҳам танишишди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер