Сув тежовчи технологиялар – ҳосилдорлик омили
Фото: Халқ сўзи
Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ташаббуси билан қишлоқ хўжалигида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳолати таҳлили ва долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди. Унда туман ҳокимлари ўринбосарлари, тижорат банклари масъуллари, таъминотчи ва қурувчи ташкилотлар, кластер, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Даставвал, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э. Таджиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш зарурати ва аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. Қорақалпоғистон сув хўжалиги вазири А.Реимбаев эса мавзу юзасидан маъруза қилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда кузатилаётган глобал иқлим ўзгариши ўз салбий таъсирини кўрсатиб, кам сувли йиллар тез-тез такрорланишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиши, электр энергия ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг ўсиши, қолаверса янги ерларни ўзлаштириш сув ресурсларига бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда. Демак, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш зарур ва бусиз талаб даражасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг имкони йўқ.

Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Д.Кайпов сув тежовчи технологияларни жорий қилишда таъминотчи ва қурувчи ташкилотлар, кластер ва фермерлар фаолиятидаги камчиликларни келтириб ўтди. Шундан сўнг қизғин кечган очиқ мулоқотда иштирокчилар ўз фикр ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
— Сув тежовчи технологияларни дастлаб қизиқиш туфайли жорий қилганман, — дейди Тўрткўл туманидаги «Қўшназар-пахтакор» фермер хўжалиги раҳбари Махсуд Исмаилов. — Тўғриси, хўжалигимиз канал бўйида жойлашган ва суғоришда муаммо йўқ эди. Лекин сув чексиз неъмат эмас. Уни тежаш, асраш керак. Бунинг учун эса замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш айни муддао экани, бу технологиялар ҳосилдорликни оширишга ҳам хизмат қилишини мутахассислар тушунтиришганидан кейин қизиқишим ошди. Фермер хўжалигимиз уруғчиликка ихтисослашган ва олдин ҳам 40 центнер ҳосил оладиган фермерлар қаторида турардим. 2021 йил 10 гектар пахта майдонига томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатдик, натижада ҳосилдорлик ўртача 55-60 центнерга етди. Жорий йилдан 11 гектар ғалла майдонимизни ҳам ёмғирлатиб суғоришга киришдик. Албатта, сув тежовчи технологиялар ҳақиқатан самарали ва ер эгалари улардан ҳеч иккиланмай фойдаланишлари мумкин..
Семинар доирасида сув тежовчи технологияларни қурувчи пудрат корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш турлари ва шартнома шартлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.
Ғ. ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг