Сув таъминоти корхонасига янги транспорт воситалари топширилди
Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишда техник воситаларнинг аҳамияти жуда катта. Бу борада «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига зарурий ва замонавий автомобиллар ажратилмоқда. Улар орқали манзилларда юзага келган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш ва амалга оширилаётган ишлар тезкорлигини таъминлаш мумкин.
— Транспорт воситалари барча зарурий жиҳозлар билан таъминланган, — дейди «Андижон сув таъминоти» акциядорлик жамияти бош механиги Қобилжон Дадажонов. — Улар ёрдамида ҳар қандай ноқулай ҳудудларга кириб бориш, ишлаш ва ҳатто электр таъминоти мавжуд бўлмаган ҳолатларда ҳам фаолият олиб бориш мумкин.
«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан «Андижон сув таъминоти» АЖга ана шундай имкониятларни ўзида мужассам этган 6 та «Дамас» махсус транспорт воситалари ажратилди. «Янги Андижон» массивида автомашиналарни топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олган вилоят ҳокими аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда амалга оширилаётган ишлар, бу борада хорижий ҳамкорлар билан ишлаб чиқилган истиқболли лойиҳаларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритди. Шундан сўнг ҳайдовчиларга янги автомобиллар калити топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг