Сув ресурслари тақчиллиги билан боғлиқ меморандум имзоланди
Ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида сайёрамизда юзага келаётган глобал экологик муаммолар сабабли сув ресурслари тақчиллиги хавфи тобора ортиб бормоқда. Бу нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки бутун дунё мамлакатларини ташвишга соладиган долзарб масалага айланиб бормоқда.
Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 млрд. м3 атрофида бўлган. Ҳозирга келиб эса 51-52 млрд. м3 га тушиб қолди. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши, аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик эса 40 фоизга камайиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Бинобарин, бу долзарб масалага бефарқ қараб бўлмайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Экологик партияси ўртасида ўзаро Меморандум имзоланди.
Бу муҳим келишувда сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишда ҳамкорлик қилиш, сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда сув хўжалигига оид стратегик давлат дастурларини қабул қилиш, фуқароларнинг сув ресурслари объектларидан оқилона фойдаланиши, уларни муҳофаза қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини амалга ошириш каби вазифалар белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда 2024 йилда сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга қаратилган “йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.
— Ўзбекистон Экологик партияси вазирлигимиз билан Меморандум имзолаш ва биргаликда тарғибот тадбирларини олиб бориш ташаббуси билан чиққани бизни ниҳоятда хурсанд қилди, — деди Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев. — Биз ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз, “йўл харитаси”даги барча тадбирларни биргаликда ва ўз муддатларида бажариб, амалий натижаларга эришамиз.
Шу маънода давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси кенгаши, СОП-28 ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда жаҳон жамоатчилиги эътиборини шу муаммога қаратиб, сув танқислигини юмшатиш бўйича янги ғояларни илгари сургани таҳсинга сазовор.
— Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик партиясидан 15 нафар депутат бор, — дейди партия Марказий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдишукур Ҳамзаев. — Маҳаллий кенгашлардаги депутатлар сони эса 600 нафарга яқин. Партия аъзолари сони 620 мингдан ошади. “Сув текин эмас” ғоясини тарғиб этишда, аҳоли ўртасида обиҳаётдан тежамкорлик билан фойдаланиш маданиятини юксалтиришда партиямиз катта куч ҳисобланади. Келажак авлод учун сув ва бошқа табиий ресурсларни асраш нафақат тегишли ташкилотларнинг балки барчамизнинг виждоний бурчимизга айланиши лозим.
Фахриддин БОЗОРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг