Сурхондарёликларнинг асрий орзуси ушалмоқда

17:20 13 Март 2023 Жамият
516 0

Фото: Халқ сўзи

Сурхондарё деганда киши кўз ўнгида уфққа туташиб кетган кенглик, табиатнинг бетакрор гўзаллигини ўзида мужассам этган қиру адирликлар, пурвиқор тоғлар гавдаланади. Ана шу улкан тоғлар, музликлар бағридан оқиб келувчи дарё ва сойлар тирикликнинг муҳим омили – оби ҳаёт манбаидир.

Тўпаланг дарёси Ҳисор тоғ тизмасининг жанубий ён бағридан бошланиб, асосан мавсумий қор, музликлар сувидан тўйинади. Ҳозирга қадар бу дарё сувидан қишлоқ хўжалиги майдонларини суғоришда кенг фойдаланилган бўлса, эндиликда ушбу сув манбаидан вилоятда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича мегалойиҳа амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йилнинг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Тўпаланг» сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндириш, сув тозалаш ва тақсимлаш иншоотларини қуриш, вилоят ҳудуди бўйлаб жами 361 километрлик қувурларни ётқизиш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда. Умумий қиймати 138 миллион долларлик лойиҳа доирасида 158,2 километр магистраль, 227,9 километр ички тармоқ сув қувурларини барпо этиш режалаштирилган. Ҳозирга қадар диаметри 630 мм дан 1400 мм гача бўлган жами қарийб 100 километр магистраль ва ички тармоқ тортилди.

Бу ўринда таъкидлаш жоизки, денгиз сатҳидан қарийб минг метр баландликда жойлашган «Тўпаланг» сув омбори 1986 йилда ишга туширилган. Тўғон баландлиги 165 метрни, умумий сиғими 500 миллион куб метрни ташкил этувчи сув омбори 200 минг гектардан зиёд ер майдонини сув билан таъминлаш имконига эга. Кейинги йилларда ушбу сув манбаидан фойдаланган ҳолда бир неча кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этилди. Хусусан, қуввати 75,6 МВт бўлган «Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» кичик ГEСлар каскади қурилиб, ишга туширилган бўлса, айни пайтда «Зарчоб-3» кичик ГEС қурилиши давом этмоқда.

Сурхондарё вилоятида айни пайтда 2 миллион 700 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, 2040 йилда вилоят аҳолиси қарийб 17 фоизга ўсиб, сув эҳтиёжи янада ортади. «Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини ишлаб чиқишда айни жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Олиб борилаётган амалий ишлар пировардида вилоят аҳолисининг умумий марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 90 фоизга етказилади.

Мазкур лойиҳанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, 800 метр баландликдан Термизгача электр энергияси сарфисиз, юқори босимда сув етказиб берилади. Инсон организми учун зарур қатор фойдали минералларга бой сув, энг аввало, замонавий технологиялар асосида тўрт босқичда қайта ишлангач, истеъмолчига етказилади. Лойиҳа доирасида дастлаб Сариосиё тумани аҳолиси ушбу янги тармоқ орқали ичимлик сувидан баҳраманд бўлишади. Ундан кейин Денов, Шўрчи туманлари ҳудудига ҳам ушбу янги магистраль тармоғидан сув берилади. Шунингдек, Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Жарқўрғон, Музработ, Ангор, Термиз туманлари ҳамда Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи жами 1,7 миллион нафар аҳоли хонадонларига «Тўпаланг» сув магистраль тармоғи орқали оби ҳаёт кириб боради.

— Айрим ҳудудларда ичимлик суви асосан ер ости сув манбаларидан етказиб берилаётгани сабабли сув олиш ҳажми камайиб, қаттиқлик даражаси ортиб бормоқда, — дейди халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Абдурашид Ортиқов. — Шу каби кўплаб муаммоларни бартараф этиш, аҳолини экологик тоза ичимлик суви билан таъминлашда Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган мегалойиҳа, яъни «Тўпаланг» сув манбаидан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир амалий ҳаракатлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ, албатта. Асрий орзуларимиз рўёбга чиқаётгани учун беҳад миннатдормиз. Бу халқимизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрлик, инсон қадрини улуғлашга доир ислоҳотларнинг юксак самарасидир.

Илҳом РАҲМАТОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер