Сурхондарёда қум бўронларининг таъсирини камайтириш мақсадида 100 минг туп саксовул кўчатлари экилмоқда
Фото: Архив сурат
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан “Каттақум” чўлида қум бўронлари таъсирини камайтириш мақсадида саксовул экиш акцияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Тадбир доирасида вилоятнинг ҳар бир ҳудудида минг гектардан жами 15 минг гектар майдонга Қорақалпоғистондан келтирилган 100 минг туп саксовул кўчатлари ва 80 тонна уруғ сепилиши мақсад қилинган.
Таъкидлаш жоизки, Сурхондарёнинг жанубий туманлари — Шеробод, Музработ, Ангор ва Термиз, шунингдек, Термиз шаҳрида барча фаслларда кузатиладиган кучли шамоллар ҳамда чанг ҳодисалари, асосан, шимол ва ғарб томондан, жумладан, Эрон, Туркманистон ва қўшни Афғонистон ҳудудларидан кириб келади.
Мутахассисларга кўра, вилоятда йил давомида 151 кунгача шамол ва чанг тўзонлари кузатилади. Натижада ҳаво дим ва чанг бўлиб, қишлоқ хўжалиги, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитнинг мусаффолигига жиддий хавф туғдирмоқда.
Қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг Сурхондарёга ташрифи давомида ушбу муаммога ҳам эътибор қаратилиб, иқлим ўзгариши салбий оқибатларининг олдини олиш ва чанг-тўзоннинг таъсирини камайтириш мақсадида чўл зоналарида саксовулзорларни кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб берилганди. Ҳозирда бу борада амалий ишлар, “яшил камар”лар ташкил этиш лойиҳаси бошлаб юборилган.
Маълумот учун, “Яшил макон” лойиҳасининг баҳорги кўчат экиш мавсумида вилоятнинг чўл ва дашт ҳудудидаги 3 минг гектар ер майдонида 100 минг туп саксовул кўчатларини экилиб, 15 тонна уруғ сепилганди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг