Сурхондарёда қарийб 80 млн сўмлик алкоголь ва тамаки савдоси тўхтатилди

18:41 02 Апрель 2026 Жамият
417 0

Сурхондарё вилоятида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдолари фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жарқўрғон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда «Қ.А.» хусусий корхонаси раҳбари муқаддам ЖКнинг 186-1-моддаси билан судланган А.Р. «Меҳнат-роҳат» МФЙ ҳудудидаги савдо дўконида умумий баҳоси 45,6 млн сўмлик 46 турдаги 2 794 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь ва 123 қути тамаки маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Музработ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унга кўра, «К.» МЧЖнинг «Катта боғ» МФЙ ҳудудидаги савдо дўкони сотувчиси О.Э. умумий баҳоси 33,4 млн сўмлик тегишли ҳужжатлари бўлмаган 21 турдаги алкоголь ва 77 турдаги тамаки маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер