Сурхондарёда нуронийларга кўкрак нишони топширилди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёда турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали хизмат қилган меҳнат фахрийларига «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони тантанали топширилди.
Маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ва бошқалар Президентимиз бошчилигида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказида кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш масаласи ўрин олаётганини алоҳида қайд этди. Катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ҳамда осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни кўп асрлик анъаналаримизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишида ўрни беқиёс эканлиги таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда юз мингдан зиёд ёши улуғ инсонлар бор. Улар жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, бой тажриба ва ибратли умри билан ўрнак бўлмоқда. Вилоятнинг бир гуруҳ нуроний отахон-онахонларига «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони топширилгани улар меҳнатининг эътирофи бўлди.
Тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган 50 нафар фахрийга I, II ва III даражали кўкрак нишонлари топширилди.
Тадбир доирасида Термиз шаҳридаги «Муҳташам» тантаналар саройида байрам дастурхони ташкил этилди. Тўкин дастурхон атрофидаги куй-қўшиқ ёши улуғларимизга байрамона кайфият улашди. Ўз навбатида, кўрсатилган ғамхўрлик ва эътибордан мамнун бўлган нуронийлар юрт тинчлиги ва ободлигини, халқимиз фаровонлигини сўраб дуога қўл очди.

Шунингдек, Шароф Убайдуллаев бошчилигидаги масъуллар тадбирда қатнашолмаган Ангор туманидан Ойсоат момо Боболова ҳамда музработлик Исмоил ота Тўраев хонадонларига ташриф буюриб, уларга I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонларини топширди.
— Бугунги эътибордан жуда хурсанд бўлдим, — дейди меҳнат фахрийси Исмоил ота Тўраев. — Ушбу нишон Юртбошимизнинг фахрийларга бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлигининг яна бир ёрқин ифодасидир. Ушбу рағбатни юксак ишонч деб биламан. Маҳалладаги учрашувлар, турли маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиб келяпмиз. Ҳаётий тажрибаларимни ёш авлодга ўргатишдан ҳеч қачон чарчамайман.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг