Сурхондарёда ноқонуний ов қилган фуқаро аниқланди
Сурхондарё вилоятида Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида ноқонуний ов қилиш ҳолати фош этилди.
Рейд жараёнида Термиз тумани Учкўл атрофидаги дашт ҳудудида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Е.Ф. томонидан 13 бош ёввойи қуён ноқонуний равишда овлангани аниқланди.
Текширув натижасида фуқаро овни тақиқланган усулда — тунда ёритувчи мосламадан фойдаланган ҳолда амалга оширгани маълум бўлди.
— Тунда ёритувчи мосламалардан фойдаланиб ов қилиш амалдаги қонунчиликка зид ҳисобланади, — дейди Сурхондарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Темур Ғойибназаров. — Бундай қоидабузарликлар ёввойи ҳайвонлар сонининг камайишига сабаб бўлади ва табиий мувозанатга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, табиатни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан мунтазам рейд тадбирлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилди. Ов жараёнида фойдаланилган фуқаро Е.Ф.га тегишли 3 дона ов милтиғи ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, вилоят ИИБга топширилди. Айни пайтда табиатга етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг