Сурхондарёда меҳнат фахрийлари тақдирланди
Фото: “Халқ сўзи”
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги қарорига биноан Сурхондарё вилоятида 42 нафар меҳнат фахрийси тақдирланди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлиги биносида уюштирилган тантанали тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда Ўзбекистон фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларида кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз муносиб рағбатлантириляпти. Шунингдек, ҳаётини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, фарзандларимизни жамият олдида масъулият, миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига бағишлаб, жамиятимизда ҳурмат қозонган ҳамюртларимиз муносиб тақдирланиб келинмоқда.

— Инсон доимо эътибордан руҳланади, қувват олади, — дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Шойим Абдураимов. — Узоқ йиллар маданият ва таълим тизимида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда нафақадаман. Юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишларни кўриб, бениҳоят қувонаман. Изчил ислоҳотлар туфайли жамиятимиз тубдан янгиланиб, ҳаёт тарзимиз тобора яхшиланиб бораётир. Бу борада биз кекса авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдормиз.

Айни пайтда вилоятда 206 минг нафар нуроний, 75 нафар 100 ёш ва ундан ошган кексалар, 7 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 1 минг 251 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари истиқомат қилади.
Жамият ҳаётида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган нуроний ва фахрийларимиз меҳнатлари ҳамиша эътиборда. Йиллар давомида элга хизмат қилган, эндиликда бой меҳнат тажрибаси, ҳаётий маслаҳатлари билан жамият тараққиётига ҳисса қўшаётган инсонларнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам ана шу эътиборнинг юксак намунасидир. Тадбир давомида 42 нафар нуронийга I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” нишони ва пул мукофотлари топширилди.
Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг