Сурхондарёда маҳалла фидойиларига эҳтиром ва эътироф
Шўрчи туманида 22 март — Маҳалла тизими ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Наврўз шодиёналари ва муборак Рамазон ҳайити билан ҳамоҳанг нишонланган ушбу байрам халқпарвар тизим ва унинг фидойи вакилларига бўлган эътибор ва эътирофнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов маҳалла ходимларини самимий табриклаб, бугунги кунда маҳалла нафақат ижтимоий институт, балки жамиятни бирлаштирувчи, инсон қадрини юксалтирувчи муҳим таянчга айланганини таъкидлади. Айниқса, сўнгги йилларда жорий этилган янги бошқарув тизими, хусусан, “маҳалла еттилиги” амалиёти ҳудудлардаги муаммоларни жойида ҳал этишда самарали механизмга айланмоқда.
Бугун Сурхондарё вилоятида 723 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Улар орқали аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳар бир оиланинг дарди ва эҳтиёжини ўрганиш, ижтимоий масалаларга ечим топишда мутлақо янги ёндашув шаклланган. Бу эса маҳалланинг жамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.

Ўтган йили “Маҳалла жамғармаси”га тушган қарийб 54 миллиард сўм маблағ ҳисобига кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” ташаббуслари доирасида юзлаб манзиллар обод қиёфа касб этди. Кейинги икки йилда намунавий лойиҳалар асосида 115 та янги бино барпо этилгани маҳаллаларнинг моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланаётганини кўрсатди. Республика босқичидаги танловларда ҳам сурхондарёликлар муносиб иштирок этиб, Узун тумани Янги рўзғор маҳалласи ва Термиз тумани Қаҳрамон маҳалласи вакиллари ғолибликни қўлга киритди.
Бу каби амалий натижалар ва фидокорона меҳнат бу йил ҳам муносиб эътироф этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, сурхондарёлик фидойи инсонлар ҳам юксак давлат мукофотларига сазовор бўлди. Жумладан, Ангор туманидаги “Тўлқин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Рахмонов “Дўстлик” ордени, Жарқўрғон туманидаги “Young Adults” ўқув маркази директори Йигитали Абдуллаев “Келажак бунёдкори” медали ҳамда вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, бош отинойиси Хасият Касимова “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

— Бугунги маҳалла кечагидан тубдан фарқ қилади, — дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Эркин Рахмонов. — Илгари фақатгина айрим масалалар билан шуғулланган маҳалла эндиликда аҳолининг барча қатламлари билан тизимли ишлайдиган, ваколатлари кенгайган, масъулияти ошган тузилмага айланган. “Маҳалла еттилиги” орқали ҳар бир муаммо биргаликда муҳокама қилиниб, тезкор ҳал этилмоқда, аҳоли билан мулоқот мутлақо янги босқичга чиққан. Бугунги имкониятлар ва эътибор учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдираман. Бундан кейин ҳам маҳалла ходимлари ўз зиммасидаги масъулиятни янада чуқур ҳис қилиб ишлашни давом эттиради.
Маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда. “Камбағалликдан фаровонлик” сари дастури доирасида ўтган йил 60 мингдан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилди ва вилоятда камбағаллик даражаси 4,5 фоизга туширилди. Жорий йилда эса 67 минг янги иш ўрни яратиш ва 20 минг оилани камбағалликдан чиқариш орқали бу кўрсаткични 2,8 фоизгача қисқартириш режалаштирилган.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, давлатимиз раҳбарининг воҳага сўнгги ташрифи чоғида ажратилган 15 триллион сўм маблағ ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Ушбу маблағлар автомобиль йўллари, темир йўл тармоқлари, ҳаво транспорти, энергия таъминоти, сув ва канализация тизимларини ривожлантиришга йўналтирилаётгани эса маҳаллалардаги ҳаёт сифатини янада яхшилайди.
Тантанали тадбир якунида маҳалла тизимида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимларга давлат мукофотлари, орден ва медаллар, шунингдек, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони топширилди. Бу эътирофлар маҳалла фидойиларининг шарафли ва масъулиятли меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Бугун маҳалла нафақат анъаналарни сақловчи, балки Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда. Унинг фидойи вакиллари эса жамиятда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт ғояларини мустаҳкамлаётган ҳақиқий халқ хизматчилари сифатида эътироф этилмоқда.
Фарҳод ЭСОНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг