Сурхондарёда лимончиликни ривожлантириш учун 60 миллион доллар йўналтирилади
Иллюстратив фото
“Халқ сўзи ONLINE”. Илҳом Раҳматов/Сурхондарё. 2020-2021 йилларда Сурхондарёда лимончиликни ривожлантириш учун Туркиянинг “Azom Enerji Mühendislik İnşaat Ticaret Limited Şirketi” билан ҳамкорликда умумий қиймати 60 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа амалга оширилади. Мазкур компания таъсисчилигида вилоятда “Organik Limon” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, Термиз туманидаги “Нурафшон” маҳалласи ҳудудидан 100 гектар ер майдони ажратилди. Лойиҳага кўра 300 ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Туркиянинг “Azom Enerji Mühendislik İnşaat Ticaret Limited Şirketi” компанияси вакиллари билан учрашувда бу ҳақда келишиб олинди.
Вилоятнинг табиий-иқлим шароити лимон етиштириш учун жуда қулай. Президентимизнинг 2018 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида кейинги йилларда вилоятда лимон етиштиришни жадал ривожлантириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур қарорга биноан лимончиликни ривожлантириш учун хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ва инновацион технологияларни фаол жалб қилиш, етиштирилган лимон маҳсулотларини экспортга чиқариш ва шу орқали аҳоли бандлиги ва даромадлари даражасини ошириш вазифалари белгиланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг