Сурхондарёда ижтимоий хизматлар учун янги замонавий бино фойдаланишга топширилди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда Термиз шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг янги ва замонавий биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда соҳанинг фидоий ходимлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳбарлигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида таъкидлашди.


— Бугун халқимизга муносиб хизмат қилиш, ижтимоий ҳимояни самарали ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев. — Янги бинода иш бошлашимиз фуқароларимизга кўрсатиладиган хизматлар сифатини тубдан оширишга хизмат қилади. Марказий ҳудудда жойлашган мазкур иншоот замонавий архитектура асосида қурилган бўлиб, барча қулайликларга эга. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун барча инфратузилмалар яратилган. Электрон навбат тизими, ахборот бурчаклари, психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар, қулай қабул хоналари фуқаролар учун очиқ ва шаффоф хизмат кўрсатишга хизмат қилади. Янги марказ «Ягона дарча» тамойили асосида фаолият юритади. Фуқаро битта мурожаат орқали нафақа, моддий ёрдам, уй-жой масалалари ва бошқа ижтимоий хизматларни олиш имкониятига эга бўлади. Ҳамкор ташкилотлар билан интеграция қилинган тизим орқали ҳар бир мурожаат тезкор ва самарали ҳал этилади. Асосий мақсадимиз — инсон манфаатини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар яратиш. Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон қадри туради. Шу тамойил асосида фаолиятимизни ташкил этиб, халқимиз ишончини оқлашга интилмоқдамиз.


Марказнинг ушбу янги биноси — «Барчаси инсон учун!» деган тамойилга асосланган ҳолда, янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга қаратилган яна бир амалий қадам бўлди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг