Сурхондарёда 45 589 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарё вилоятида 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига 45 589 нафар сайловчи ўзларининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда муддатидан олдин овоз берди.
Вилоятда муддатидан олдин овоз бериш жараёни Сайлов кодекси ва умумэътироф этилган халқаро тамойиллар асосида ўтказилди.
Хусусан, Термиз туманидаги Афғон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳудудида жойлашган 228-сайлов участкасида сайловчилар муддатидан олдин овоз бериши учун барча қулайлик яратилди. Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этаётган сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастурлари, шунингдек, танишиб чиқиш учун сайловчилар рўйхатлари сайлов участкасидаги стендларга илиб қўйилган.

— Бу йил мамлакатимизда муддатидан олдин овоз бериш 16 октябрдан бошланди, — дейди 228-сайлов участкаси раиси Баҳром Ўралов. — Сайлов куни доимий яшаш манзилида бўлмайдиган 50 нафарга яқин сайловчи ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, муддатидан олдин овоз берди. Сайлов участкамиз номзодларга оид маълумотлар, Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган намунадаги овоз бериш бюллетени ва уни тўлдириш тартиби билан таъминланган. Сайловлар санасига бағишланган плакатлар, участка комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчилик жадвали, фуқаролар мурожаати учун Марказий сайлов комиссиясининг ишонч телефони, электрон манзили, округ комиссияси, суд ва прокуратура органларининг телефон рақамлари илинган.
Ангор туманидаги 137-сайлов участкаси Навбаҳор маҳалласида жойлашган туман Маданият марказида ташкил этилган. Барча замонавий қулайликларга эга бинода сайловчиларнинг муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин билдириши учун зарур шароит яратилган. Сайлов куни бу ерда 1 минг 887 нафар сайловчи овоз бериши кутилмоқда. Муддатидан олдин овоз бериш жараёнида 100 нафарга яқин сайловчи иштирок этди.

Бахтиёр Баратов сайлов куни хизмат сафарида бўлиши сабабли сайлов комиссиясига мурожаат этиб, муддатидан олдин ўзи танлаган партия ва номзодларни ёқлаб овоз берди. Ҳилола Умарова ҳам сайлов куни туманда бўлмаслиги боис муддатидан олдин ўз хоҳиш-иродасини ифода этди.
Вилоятда 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда 1 миллион 431 минг 860 дан ортиқ фуқаро иштирок этиши кутилмоқда. Сайлов куни турли сабаблар билан ўз ҳудудида бўлмайдиган 45 589 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
Сурхондарё вилоятида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари 23 октябрь соат 18:00 да якунланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг