Сурхондарёда 3 минг йиллик шаҳар қолдиқлари топилди
Ўзбекистон ва Хитой археологлари Сурхондарё вилоятида тахминан 3 минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий шаҳар қолдиқларини аниқлади. Бу ҳақда Туркиянинг “Habergo” портали хабар берди.
Маълум қилинишича, Бандихон II археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида милоддан аввалги X асрда барпо этилган ва милоддан аввалги VIII асргача мавжуд бўлган аҳоли манзили излари топилган.
Мутахассислар фикрича, мазкур топилма илк темир давридаги аҳоли пунктларининг қурилиш услуби ва уларнинг вазифаларини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Ёдгорликнинг шарқий қисмида амалга оширилган қазишмалар ҳам қуйи маданий қатламлар айнан шу даврга тегишли эканини тасдиқлаган. Қайд этилишича, бу ҳудуд Бандихон воҳасидаги энг йирик ва яхши сақланган турар-жой мажмуаларидан бири саналади.
Сурхондарё вилояти Ўзбекистондаги археологик жиҳатдан энг бой ҳудудлардан бири бўлиб, бу ерда темир даврига оид кўплаб ёдгорликлар мавжуд. Янги топилма эса минтақа тарихини янада чуқурроқ тадқиқ этиш имконини беради.
Олимлар таъкидлашича, аниқланган меъморий қолдиқлар ва артефактлар орқали қадимги аҳолининг кундалик турмуши, ижтимоий муносабатлари ва технологиялари ҳақида муҳим маълумотлар олиш мумкин. Шунингдек, ушбу манзилгоҳ Марказий Осиёдаги қадимги савдо йўллари ва маданий алоқаларда муҳим ўрин тутган бўлиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг