Сурхондарё телеканали HD форматда эфирга узатила бошланди
Фото: «Халқ сўзи»
Ўзбекистон МТРК ва Литванинг «Televizijos ir rysio sistemos/TVC» компанияси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, Сурхондарё вилояти телерадиокомпаниясининг мавжуд теле ва радиостудиялари энг сўнгги русумдаги технологиялар билан қайта жиҳозланди. Натижада телеканал дастурларини HD форматда намойиш этиш имконияти юзага келди. Табиийки, тасвир ва овоз тиниқлиги, ранглар ёрқинлиги ошди. Инвестиция дастурига мувофиқ олиб келинган телевизион-техник жиҳозларни ўрнатиш асносида ТVС компанияси мутахассислари томонидан вилоят телеканали ижодий ва техник ходимларининг янги технологиялар билан ишлаш бўйича маҳорат ҳамда кўникмалари оширилди.
Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси директори Баҳриддин Мингбоевнинг айтишича, иккита студия тўлиқ қайта жиҳозланди, бундан ташқари 10 та монтаж жамланмаси, 12 та ТЖК жамланмаси радиоэфир узатиш овоз ёзиш студиялари, кўчма телевизон студия автомашинаси олиб келинди. Қувонарлиси шундаки, вилоятлар ичида биринчи бўлиб Сурхондарёда телевидение дастурлари HD форматда эфирга узатила бошланди.
Таъкидлаш жоизки, Сурхондарё телерадиокомпанияси катта аудитория ва жамоага эга ижодий муассаса ҳисобланади. Унинг таркибидаги вилоят радиоси 80 йиллик тарихга эга. Вилоят телевидениеси ташкил этилганига 30 йил тўлди.
Илҳом Раҳматов, "Халқ сўзи".
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг