Сурайё, Муҳайё, Раъно, Муқаддас, қаердасиз?
Бундан бир неча йил аввал шаҳар кўчаларида, метро бекатларида эгнида атлас кўйлак, бошида дўппи, сочлари қирқкокил ўрилган қиз миллий либосимизни тарғиб қилиб юрган қисқа видеоси ижтимоий тармоқларда айланганди. Нафақат чет элликлар, балки ўзимизникилар ҳам ҳавас билан қараганди.
Элимизнинг машҳур ҳофизи Фахриддин Умаров ижросидаги «Қиз болага атлас кўйлак ярашмайдими, Чаманзорда раъно гулга қарашмайдими?» дея бошлангувчи қўшиқнинг яратилишида ҳам атлас кўйлакнинг ўзига яраша ўрни борлигини билдиради. Бу матони оддий кийим дегувчилар янгилашади. Миллий либосларимизда халқимизнинг ўтмиши, урф-одати ва маданияти мужассам. Азалдан ўзбек хотин-қизларининг кийим жавонини хонатласу адрасларсиз тасаввур қилиш қийин. Миллий либосларимизнинг бетакрор кўриниши, сержило нақшлари ҳар қандай фаслда ҳам кўзларни қувонтириб, кўнгилларни яшнатади.
Бироқ бугун юртимизда миллий либос кийиб, дўппида юрганларни кам учратамиз. Опа-сингилларимиз атлас ва адрасдан тикилган кийимларни киймай қўйишди. Фақат муҳим тадбирларда, оилавий ва катта байрамларда, тўйлардагина миллий либос кийишни афзал кўрмоқда. Таассуфки, ҳамма чет элда сунъий саноат маҳсулотларидан ишлаб чиқарилган номдор фирмалар брендига мансуб кийимларга ошиқмоқда. Табиий пахта толасидан тўқилган матолардан тикилган камзул, енгил халат, енгсиз нимча ва чопонларни илгари аёлларимиз севиб кийишган. Қиш ойларида ҳам пахта солиб қавилган бахмал нимчаю чопонлар онахонларимизнинг эгнидан тушмаган. Бундай кийимлар нафақат табиий эҳтиёжни таъминлаган, балки амалий санъатнинг бетакрор намунаси сифатида гўзаллик ва нафисликка йўналтирилгани билан аҳамият касб этган. Ҳозирги ёшларнинг кўпчилиги бу кийимларни кўрмаган, табиийки, билмайди ҳам.
Аммо даврлар ўтса-да, миллий либослар ўзбек хотин-қизларининг иффати, ибоси, Шарқ аёли тимсолини амалда кўрсатувчи муҳим белгилардан бири бўлиб қолаверади. Чет элликлар эгнига атлас ва адрасларимизни, бошига ўзбекона дўппини кийиб, суратларга тушаётган, миллий матоларимиздан тикилган замонавий, энг муҳими, табиий либослар Европа подиумларида жилоланиб бутун дунёга танилаётган бир пайтда ўзимиз ҳам шу либосларни кундалик ҳаётимизда кийишга андиша қилмаслигимиз керак.
Мамлакатимизда миллий либос тарғиботини кучайтириш, янги авлод вакилларида уларга нисбатан ҳавас уйғотиш, ўзбекона кийиниш маданиятини юксалтириш мақсадида турли фестиваллар, чорлов ва анжуманлар ўтказилмоқда. Қувонарлиси, бундай тадбирларда фақат хотин-қизлар эмас, бошида дўппи ва эгнида чакмону тўнлари билан йигитларимиз ҳам фаол қатнашмоқда. Бу тадбирлар бир компания даражасида қолиб кетмасдан бардавом бўлсин! Кўчаларни тўлдириб атлас кўйлак кийиб юрган қизларга машҳур фильмларнинг бирида айтилганидек «Ипакмиди, атласмиди кийганингиз-эй» дея ҳавас билан қарайлик. Бугунги Сурайё, Муҳайё, Раъно, Муқаддас, қаердасизлар?
Саодат МУСАЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг