Суд тизимида “ягона дарча” принципи жорий этилмоқда
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишни ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишни талаб қилади.

Ушбу Қонун айнан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мос ҳолда такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, Қонунда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш белгиланмоқда. Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга зарарни ундириш талаби бўйича ҳам маъмурий судга киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланмоқда. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.

Шунингдек, судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, бунда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқлаш ҳамда даъво аризаси, ариза, шикоятларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш кўзда тутилмоқда. Иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан иқтисодий судга эмас, балки маъмурий судга шикоят қилиш белгиланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг