Суд «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолиятини вақтинча тўхтатди
Минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминланиши юзасидан «Maxam-Chirchiq» АЖ фаолиятида текшириш ўтказилган. Натижада 11 та ҳолатда камчилик аниқланган.
Жумладан:
• чанг-газ тозалаш ускунасининг самарадорлиги меъёрий ҳужжат талабига жавоб бермаслиги;
• ифлослантирувчи моддалар белгиланган меъёрдан ортиқ чиқарилаётгани;
• кимёвий моддалар белгиланган ҳудудда жойлаштирилмагани;
• сув таркибидаги кимёвий моддаларнинг ортиқча чиқарилаётгани;
• компенсация тўловлари ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмагани натижасида амалдаги қонунчилик талабларига риоя қилинмагани аниқланган.
Шу сабабли Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги судга ариза билан мурожаат қилган ва «Maxam-Chirchiq» АЖнинг фаолиятини камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатишни сўраган.
Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг кеча, 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан «Maxam-Chirchiq» АЖнинг фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг