Стэнфордни забт этган бухоролик ўқувчи
Шу кунларда Бухоронинг донгдор ҳунармандларидан бири Бахшулла Жумаевнинг кайфияти ўзгача. Зардўзликни санъат даражасига кўтариб, дунёнинг йигирмадан зиёд давлатидаги нуфузли халқаро кўргазмаларда қатнашган, нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам кўплаб шогирдлари бўлган юртдошимиз бу гал шахсий муваффақияти эмас, невараси эришган ютуқдан боши осмонда.
— Амирбек дунёнинг энг нуфузли ҳисобланган Stanford, Caltech, Brown университетларига тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинди, — дейди у қувончини дўст-биродарлари билан баҳам кўраркан. — Қаранг-а, фарзанду невараларимиз биздан ўзиб кетишяпти. Шундай кунларга етказганига шукр. Бир пайтлар қўлига оддий бир тикан кирса ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. Яратганнинг иноятини кўринг, энди неварамнинг ютуқларини кўриб еру кўкка сиғмай кетяпман.
— Данаги мевасидан ширин-да, — дейди бунга жавобан ҳунарманд мусаввир Аслон Рамазонов. — Қолаверса, бола бошдан, дейишади. Музеймонанд устахонангизда Амирбекнинг хорижий сайёҳлар билан инглиз тилида бийрон гаплашиб турганига, меҳмонлар унинг билими, ақлу заковатига тан беришганига кўп бор гувоҳ бўлганман.
Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчиси Амирбек Бахшуллаев эришган натижа чиндан ҳам ҳавас қилса арзигулик. 16 ёшли йигитча яқинда муддатидан аввал чет элнинг бешта университетида таҳсил олиш имконини берадиган, умумий миқдори 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ғолиби бўлди. Амирбекнинг бу ютуғи мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, албатта.
— Ҳунармандлар оиласида туғилиб ўсдим, — дейди Амирбек. — Эски шаҳарнинг қоқ марказида яшаймиз. Оилавий устахонамиздан сайёҳларнинг қадами узилмайди. Шу пайтга қадар мингдан зиёд хорижий турист билан суҳбатлашганман. Устозларимнинг кўмаги, қолаверса, жонли мулоқот тил ўрганишга бўлган иштиёқимни кучайтирди. Stanford университетининг тўлиқ грантини қўлга киритдим. Бу олий ўқув юртида шартнома тўловларидан ташқари транспорт, ётоқхона, озиқ-овқат харажатлари ҳам тўлаб берилади. Ядро муҳандислиги йўналишида таҳсил олмоқчиман. Ядро синтези ҳаракатлантирувчиси деб номланадиган технология устида ишлаш ниятим бор. Таҳсилдан сўнг Ўзбекистонга қайтиб, шу соҳа ривожи учун хизмат қилмоқчиман. Токи, электр энергияси билан боғлиқ муаммо бўлмасин.
Бундан ташқари, у зардўзлик уй-музейини янада кенгайтириш, шу орқали бой миллий маданиятимиз довруғини дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшиш ниятида.
— Билишимча, Ўзбекистон чет элда ўқишни рағбатлантирадиган кам сонли давлатлардан биридир, — дея давом этади Амирбек. — Юртимизда биз, ёшларнинг сифатли таълим олишимиз учун барча қулайликлар яратилган. Мен тенгдошларимни шу имкониятлардан оқилона фойдаланишга даъват этаман.
Эътиборлиси, вилоятда А.Бахшуллаев сингари билимга, ўқиб-ўрганишга ташна ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Биз бу ўринда биргина мисол билан чекланмоқчимиз. Бухоро шаҳридаги 26-умумтаълим мактаби ўқувчилари Дилнура Саидова ҳамда Сабина Қойирова ҳам яқинда халқаро ва миллий сертификатлар асосида инглиз тили, она тили, математика ва тарих фанларидан 189 баллдан тўплаб муддатидан олдин олий ўқув юртида таҳсил олиш имконини қўлга киритди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг