Спортсевар ёшлар учун замонавий марказ барпо этилди

16:17 05 Март 2026 Спорт
1178 0

Бухоро шаҳридаги яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ҳудудида замонавий иншоот қад ростлади. У 3,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига барпо этилди.

Пештоқига “Замонавий спорт курашлари” ёзуви туширилган бу бинода мураббийлар ҳамда улар шогирдларининг тўлақонли машғулотлар олиб боришлари учун барча қулайликлар яратилган.Бундан спортсевар ёшлар жуда мамнун.

-Спортнинг яккакураш турлари билан шуғулланиб кам бўлмаяпман,- дейди шундай ёшлардан бири Улуғбек Рашидов.- Вилоят, республика миқёсида ўтказилган қатор нуфузли турнирларда муваффақиятли қатнашиб, совриндор бўлдим. Биз, курашчилар учун қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу марказ маҳоратимизни янада чархлашда қўл келади, албатта.

Замонавий спорт ускуналари билан жиҳозланган, кўрса ҳавас қилгулик инфратузилма яратилган марказда бир вақтнинг ўзида 100 нафардан зиёд ўғил – қиз машғулот олиб бориш имконига эга. Унда қишин – ёзин спорт билан шуғулланиш, халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва йирик турнирларга мезбонлик қилиш учун зарур шарт – шароитлар мавжуд.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида қатнашган вилоят ҳокими Б. Зарипов ушбу иншоот мамлакатимизда навқирон авлодга кўрсатилаётган эътибор намунаси эканига тўхталиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш , халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган спортчилар тайёрлаш, спорт оммавийлигини таъминлашда бу каби марказларнинг ўрни катталигини таъкидлади.

Маросимда нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндорларига пул мукофотлари топширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер