Сўх воқеалари ўзбек-қирғиз халқлари дўстлигига рахна сололмайди

11:03 04 Июнь 2020 Сиёсат
1695 0

Ўзбек ва қирғиз халқи азалдан яхши қўшни, бир-бирига йўлдошу қўлдош бўлиб яшаб келган. Шунинг учун боболаримиз қуда-андачилик қилиб, аҳил-иноқ ҳаёт кечирган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиб келмоқда. Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги интеграция жараёнлари ва шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Қирғизистон Республикаси билан алоқалар ҳам янги қиёфа очиб бораётгани ҳам шулар жумласидандир.

Икки давлат ўртасида шундай яқин қўшничилик, стратегик шериклик тобора мустаҳкамланиб бораётган бир пайтда 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараси «Чашма» участкасида чегарадош ҳудуд аҳолиси ўртасида маҳаллий даражадаги ҳодиса юз берганидан хабарингиз бор.

Мазкур ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, Чашма булоғи ариқларини биргаликда тозалаш пайтида юзага келган баҳслашув натижасида икки мамлакатнинг айрим фуқаролари ўртасида можаро келиб чиққан.

Давлатимиз раҳбари мазкур ҳодисани шахсан ўз назоратига олиб, воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини юборди. 2020 йил 1 июнь куни икки давлат ҳукумат раҳбарлари иштирокида мазкур масалаларни ҳал этишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантириш ва чегарада юзага келадиган муаммоларни дўстлик ва яхши қўшничилик ҳамда стратегик шериклик руҳида ҳал қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, кеча Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун Бош вазир ўринбосарлари ва тегишли вазирликлар мутасаддилари ушбу ҳудудга боришди.

Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди ҳисобланган Сўх туманида салкам 30 йил давомида ечимини кутиб турган кўплаб масалалар бўйича Президентимиз топшириғига кўра ишлар бошлаб юборилди.

“Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. «Чашма» чегараолди ҳудудида рўй берган ҳодиса билан боғлиқ масалаларни батафсил кўриб чиқиб, бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим” -деб таъкидлади юртбошимиз Қирғизистон Президенти билан телефон орқали мулоқотида.

Қайд этиш керакки, икки давлат фуқаролари ўртасида бу можарони келтириб чиқарган фитначилар, албатта, ўз жазосини олади. Бу ҳолат Ўзбекистон-Қирғизистон мамлакатларининг дўстлигига рахна сололмайди. Зотан, қирғиз ва ўзбек халқларининг дўстона муносабатлари, ўзаро ишончнинг мустаҳкамланишида тинчлик ва барқарорликнинг аҳамияти жуда каттадир.

К.Бурханов,
Олий Мажлис Сенатининг 

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер