Соҳибқирон Амир Темур туғилган қишлоқ
Хўжаилғор қишлоғи Яккабоғ туманининг жануби-ғарбий қисмида, «Қарши – Китоб» автомобиль йўли бўйида жойлашган. Қишлоқнинг номи машҳур араб саркардаси Қутайба Ибн Муслимнинг лашкарбошиларидан бири Хўжа Илғор номи билан боғлиқ. Бу ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд.
Улардан бирида айтилишича, халифа Ҳазрат Умар ал-Ҳаттоб замонида аббосийлар Ўрта Осиёга ислом динини ёйишга аҳд қилади. Бу ишга масъул этиб саркарда Қутайба Ибн Муслим тайинланади. 706 йили Қутайба ўз лашкарлари билан Ўрта Осиёга йўл олади. 717 йилда Кеш беклиги атрофида жанглар бўлиб ўтади. Жангда Қутайбанинг моҳир лашкарбошиларидан бири Хўжа Илғор оғир яраланган.
Шундан сўнг Хўжа Илғор ота саҳобаларга «Қиличим қаерга тушса, мени ўша жойга дафн этасизлар», деб айтади ва қиличини улоқтиради. Қилич шу атрофдаги бир жойга келиб тушади. Аммо бу ерда сув бўлмайди. Шунда Хўжа Илғор ота ҳассасини ерга урган заҳоти сув отилиб чиқади.

Яна бир ривоятга кўра, жангда ярадор бўлган Хўжа Илғор ота ўз саҳобаларига «Мени туямга ортинглар ва у қаерда тўхтаса, ўша ерда дафн қилинглар«, дея васият қилган. У кишининг туяси шу қишлоққа келиб тўхтагач, уни ювиш учун сув зарур бўлади. Шунда унинг қиличини ерга санчишганда, булоқ ҳосил бўлади. Ҳозир ушбу қишлоқда жойлашган тарихий қабристоннинг ўртасида катта қабр бўлиб, бу Хўжа Илғор отанинг қабрилиги айтилади.
Чиллабулоқ, айрим манбаларда Қўтирбулоқдан ҳозир ҳам сув чиқиб турибди. Булоқ суви ичиш учун яроқсиз, бироқ бир қанча яра-чақаларни даволашда фойдаси катта.
— Қадимда мана шу қабристон атрофида катта қўрғон бўлган, — дейди қишлоқ фаолларидан бири Абдусамадхон Тўрахўжа ўғли. — Унинг ҳудуди 14 гектарни ташкил этган. Ҳозир ҳам қўрғон деворларининг маълум қисмлари сақланиб турибди. Тепалик пастида ер ости йўли ҳам бор. Кириш жойлари кўмилиб кетган, ичкарига киришнинг имкони йўқ. Хўжаилғор қишлоғининг донғи фақат шу билан чекланмайди. Бу ер буюк бобокалонимиз, соҳибқирон Амир Темур туғилган жой сифатида ҳам машҳур.

Ривоятларга кўра, Амир Темурнинг дунёга келиши ва Мовароуннаҳрда мўғуллар ҳукмронлигига барҳам бериши мунажжимлар томонидан башорат қилинган. Шу боис Кеш яқинидаги қишлоқларда яшайдиган барча ҳомиладор оналар мўғуллар томонидан қиличдан ўтказила бошланади. Шунда Соҳибқироннинг волидаси Текина хотин Хўжа Илғор қишлоғи четидаги қамишзор ичига яширинади. Амир Темур шу ердаги қудуқ яқинида туғилади. Кейинчалик бу қудуқ япониялик археологлар томонидан қадимий хариталар асосида ахтариб топилган. Айрим маълумотларга кўра, қудуқнинг суви жуда шифобахш бўлиб, унинг таркибида инсон организми учун фойдали бўлган 17 хил элемент мавжуд.
Қишлоқдаги Амир Темур номи билан боғлиқ ашёлардан яна бири оғирлиги 100 килограммга яқин бўлган йирик харсангтошдир. Темур бобомиз ёшлигида ушбу тошни кўтариб машқ қилган. Ҳозир ҳам Хўжа Илғор ота мақбарасини зиёрат қилиш, чиллабулоқ сувидан шифо топиш, қолаверса, Амир Темур бобомизнинг номи билан боғлиқ эски қудуқ, «Полвонтош» каби обидаларни томоша қилиш учун ҳар куни қишлоққа юзлаб зиёратчилар келишади.

Бироқ бугунги кунда қишлоқнинг сайёҳлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. Қишлоқнинг баҳаво, сўлим гўшада, қолаверса, сайёҳлар келиши учун қулай – «Қарши – Китоб» автомагистрали бўйида жойлашгани бу ерни туристик йўналишлардан бирига айлантириш имконини беради. Бир неча маротаба бу лойиҳа турли дастурларга, йўл хариталарига киритилди. Аммо бу ишлар ўз ҳолича қолиб кетди.
Зеро, сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратилса, меҳмонхона, транспорт, савдо ва бошқа шу каби зарур хизматлар йўлга қўйилса, Хўжаилғор қишлоғи ҳам гавжум туристик манзиллардан бирига айланиши муқаррар.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг