Соҳанинг энг илғор технологиялари  “Озиқ-овқат, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари — UzFood -2022” халқаро кўргазмасида намойиш этилди

20:41 29 Март 2022 Жамият
446 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»

Илғор ташаббус ва инновацияларни изчил қўллаш ҳар бир соҳа ривожида катта аҳамият касб этади. Озиқ-овқат саноатида эса унинг долзарблиги янада ортади. Бинобарин, бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги доимий эътибор берилиши лозим бўлган йўналишлардан бири саналади. Чунки озиқ-овқатга бўлган эҳтиёж тобора ортиб боряпти.

Етиштириш майдонларини кенгайтириш эса қийин масала. Шундай экан, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни, соҳага тежамкор, илғор ва фойдали технологияларни, ускуна ва жиҳозларни, илмий ишланмаларни жорий этиш ҳар қачонгидан муҳим. 
Пойтахтимизда иш бошлаган “Озиқ-овқат, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари — UzFood -2022” халқаро кўргазмаси  мана шундай мақсадларга хизмат қилиши билан диққатга сазовордир. 

Айтиш жоизки, анъанавий тус олган мазкур тадбир ҳар доим хорижий ишлаб чиқарувчилар, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати, халқаро компания вакилларининг эътиборини тортиб келган.  Чунки унда соҳага дахлдор энг сўнгги  технологиялар, илмий изланишлар натижалари намойиш этилади. Тажрибалар халқаро доирада ўртоқлашилади, муҳокама этилади. Бу албатта, томонлар учун катта имконият. Галдаги тадбир ҳам бундан мустасно бўлмайди, албатта. 

Негаки, бу йил ҳам пойтахтимизга дунёнинг  25 мамлакатидан 140 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи компаниялар, фирмалар вакиллари ташриф буюришган. Улар томонидан таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар ҳам турфа хил: бир томондаги стендларда тайёр маҳсулотлар ўрин олган бўлса, бошқасида соҳа учун зарур бўлган ускуна ва жиҳозлар намойиш этилаётир. Қисқаси, уларнинг бари халқаро кўргазмага келувчиларда катта таассурот қолдириши, шубҳасиз. Мабодо, кимдир қайсидир маҳсулотга қизиқиш билдирса ёки ҳамкорлик қилиш истагини билдирса, бу саволларга ҳам шу ернинг ўзида жавоб топиш мумкин. Чунки халқаро анжуманда бунинг учун қулай шароит яратилган. Тадбир мобайнида муҳокамалар учун алоҳида анжуманлар, учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, “Iteca Exhibitions”  компанияси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар томонидан ташкил этилган “Озиқ-овқат, ингредиентлар ва ишлаб чиқариш технологиялари — UzFood -2022” халқаро кўргазмаси 31 мартга қадар давом этади. 
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер