Соч оқаришини нима тўхтатади? 

17:33 13 Декабрь 2020 Жамият
23579 0

ССВ Матбуот хизмати саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Аваз Иноятов жавоб берди.

— Сочнинг эрта оқаришида қандай даво муолажалари олиб борилади?

— Суҳбатнинг 1-қисмида санаб ўтилган сабаблар туфайли соч оқараётган бўлса, касаллик тузалиши билан соч оқариши ҳам тўхтайди. Аммо оқарган сочларни ўз рангига қайтаришнинг имкони йўқ.

Даволашда дори–дармон ичиш билан бирга маҳаллий муолажа усуллари ҳам олиб борилиши керак. Кўпчилик мутахассислар соч оқаришини тўхтатиш учун А, С, Е витаминлари, рибофлавин ва биотин моддаси, фолий кислотасини қабул қилишни тавсия этади.

Шунингдек, эрта соч оқаришига қарши оддий усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, сариёғ, кастор ёғларидан. Унинг таркибидаги минераллар ҳам соч оқариши жараёнини секинлаштириб, ранг бериш хусусиятига эга. Уларни эритиб, соч илдизига уқаловчи ҳаракатлар билан суриш лозим. Муолажани ҳафтада икки марта такрорлаш тавсия этилади.

Қора чой соч оқаришини тўхтатишда самарали воситалардан бири. Аччиқ дамланган қора чойни бир ош қошиқ ўсимлик ёғи билан аралаштириб, соч илдизидан бошлаб учигача суртилади. Тезроқ ва яхши натижага эришиш учун бу муолажани ҳар куни такрорлаш мумкин.

Аммо соч оқаришига қарши чораларни қўллашдан олдин, албатта, шифокор билан маслаҳатлашиш керак. Чунки, соч оқаришига қарши чораларни унинг содир бўлишига нима сабаб бўлганини англамасдан бажариб бўлмайди. Бундай ҳолатларда соч оқаришини кучайтириб юборишингиз, организмингизнинг бошқа қисмига зарар беришингиз ҳам мумкин.

— Сочнинг эрта оқаришини олдини олиш учун нималар қилиш даркор, оқ соч толасини юлиш мумкин эмас дейишади, шу тўғрими?

— Сочларнинг эрта оқаришини олдини олиш учун В гуруҳ витаминлари билан биргаликда рух ва мис минералларига бой бўлган, , витамин-минерал комплекс воситаларини хамда озиқ-овқатларни қабул қилинг.

Булар сут маҳсулотлари, қизил гўшт, гуруч, гречка, сабзи, апельсин, помидор ва жигар, ёнғоқлар, дуккакли ўсимликлар, карам ҳисобланади.

Агар сочингиз оқаришининг сабаби чекиш бўлса, уни ташлаш даркор. Чунки бу зарарли одат сабабли тўқималар кислородга тўйинолмайди ва меланин ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келади.

Баъзилар пайдо бўлган илк оқ сочларни юлиб ташлашади. Аслида бундай қилиш мумкин эмас. Оқ сочларни юлса кўпаяди деган сўзда жон бор. Сочларингиз эрта оқаришни бошласа, муаммодан қутулишга шошилмай даво чорларини кўриш лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер